Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Асамов Анвар Дамирович, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Қутлимуратов Баҳодир Абдуллаевич ҳамда Божхона тўловлари бошқармаси бошлиғи ўринсбосари Файзуллаев Фаррух Шарофовичлар томонидан Навоий вилояти тадбиркорлари ҳамда инвесторлари билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Дастлаб, Навоий шаҳрида жойлашган “Ёшлар” марказида давра сухбати уюштирилди. Янгича ёндашувда ўтказилаётган ушбу учрашувда тадбикорлар ва хорижий инвесторлар Навоий вилоятини янада кўркам қилиш, саноат ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа барча соҳаларни ривожлантириш бўйича ўз лойиҳалари билан иштирок этишлари мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.
Учрашувда жорий йилнинг 1 сентябрига қадар ишга тушириладиган “Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати тғрисида ҳам батафсил маълумот берилди. Мазкур хизмат орқали Давлат божхона қўмитасининг веб-сайтида товарларнинг божхона чегараси орқали ҳаракати режимини тартибга солувчи барча норматив ҳужжатлар, ҳар бир товарга мос равишда божхона божлари ставкалари, ушбу ҳужжатларни берувчи органлар тўғрисидаги батафсил ахборотни, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун бошқа маълумотларни реал вақт режимида бепул асосда олиш имкони яратилиши кўзда тутилган бўлиб, ушбу интерактив хизмат бундан буён ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг асосий кундалик қўлланмаси бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, ушбу йўналишда божхона оргналари томонидан берилаётган имтиёзлар ва қулайликлар тўғрисида йиғилиш иштирокчиларига батафсил тушунтириб ўтилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 декабрдаги ПҚ-2697-сонли “Ўзбекистон Республикаси 2017 йил учун Инвестицион дастурлари тўғрисида” қарорига асосан Навоий вилоятида
2017-2022 йиллар мобайнида қиймати 4 млрд. 167,3 млн. АҚШ долларига тенг 40 та инвестицион лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган.
Ҳозирги кунда 4 та йирик лойиҳа доирасида олиб келинган товарлардан қиймати 300 млн. АҚШ долларига яқин, оғирлиги 32 минг тоннага тенг бўлган имтиёзли рўйхатлари тасдиқланмаган товарлар учун Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири топшириғи асосида 400 млрд. сўмга тенг миқдорда божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди.
Шу кунга қадар ушбу лойиҳалар доирасида атиги 5 та имтиёзли рўйхатлар тасдиқланиб, уларга мувофиқ 265,6 млрд. сўм божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 майдаги “Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3756-сон қарорининг 2-бандига мувофиқ божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган товарлар рўйхатининг комплекс экспертизаси тугалланиб натижаси бўйича “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКнинг ижобий хулосалари олинди.
Тадбир давомида тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар томонидан берилган бир қатор саволларга жавоблар берилди.
Йиғилиш сўнгида ДБҚ раҳбарияти томонидан келгусида саволлар туғилганда мурожаат қилишлари учун телефон рақамлари йиғилиш иштирокчиларига тақдим қилинди. Шунингдек, Навоий вилояти божхона бошқармасининг 223-87-87 рақамли “Ишонч телефони” куну тун ишлаётгани таъкидлаб ўтилди.
Куннинг иккинчи қисмида йиғилиш ташкилотчилари томонидан вилоятдаги хорижий инвесторларнинг муаммоларини жойида ўрганиш, ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар, инвестицияни жалб этиш масалалари, тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш бўйича амалий ёрдам бериш, вилоятдаги корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида, бевосита амалга оширилаётган қурилиш лоҳиялари ҳудудларида учрашувлар ташкил қилинди. Соҳада дуч келаётган муаммолар ва саволлар ўрганилиб чиқилиб, келгусида бу борада янада қулайликлар яратиш бўйича тегишли таклифларни киритиш юзасидан инвесторларга тушунтиришлар берилди.
Навоий вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
28.07.2018