Халқаро почта иттифоқи аъзоси сифатида Ўзбекистон Республикасида ҳам Умумжаҳон почта Конвенциясига мувофиқ, жўнатилаётган почта жўнатмалари бўйича божхона декларациялари тўлдирилиши лозим ҳамда мазкур декларацияда юборилаётган барча товарларнинг номлари қайд қилиниши белгилаб қўйилган.
Аммо шунга қарамай, мазкур тартибларга зид равишда хорижий валюта ва заргарлик буюмларини почта жўнатмалари орқали ноқонуний олиб киришга бўлган уринишлар ҳамон аниқланмоқда.
Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан шу турдаги қонунбузарлик ҳолати фош этилди.
Жумладан, фуқаро С.С. номига хориждан юборилган почта жўнатмаси амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганда, жўнатмадаги оёқ кийим ичига божхона декларациясида кўрсатилмаган 205 минг Россия рубли ҳамда тўрт дона сариқ ва оқ металладан ясалган заргарлик буюмлари яширилганлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
29.06.2019