Шундан сўнг ушбу йўловчига тегишли бўлган юклари белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, унинг йўл сумкаси ичидаги кийимлар орасига божхона назоратидан яшириб жойлаштирилган қиймати 98 млн. сўмлик 200 дона “Model Cu 375” ёзувли тиббий восита ҳамда 700 дона конвалютада “MI-KIT Mifepristone 200 mg” ёзувли дори воситалари борлиги ва қайта сотиш мақсадида олиб келаётганлиги аниқланган. Лекин, ушбу дори воситаларини на йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатган, на божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилган.
Олиб борилган текширув давомида ушбу шахс муқаддам яъни 2019 йил апрель ойида ҳам “Тошкент” халқаро аэропортида “Дели-Тошкент” йўналишидаги рейс орқали қиймати 74,2 млн. сўмлик “MI-KIT Mifepristone 200 mg” ёзувли дориларни совун қутилари ичига яшириб олиб ўтмоқчи бўлганида божхона ходимлари томонидан ушланганлиги маълум бўлди. Натижада ушбу шахс суд томонидан маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга нисбатан 1 млн. сўм жарима жазоси тайинланган эди.
Афсуски, берилган ушбу жазодан тўғри хулоса чиқармаган ушбу шахс такроран яна шундай ҳуқуқбузарликка қўл урди.
Амалдаги қонунчилик нормаларида товарлар ва транспорт воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда божхона чегарасидан ўтказганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг бир йил давомида яна айнан шундай ҳуқуқбузарликни кўп миқдорда содир этганда жиноий жавобгарликка тортилиши кўрсатиб ўтилган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур ҳолат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 182-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Эслатиб ўтамиз, Давлат божхона органлари томонидан жорий йилнинг 5 ойи давомида 226 та ҳолатда қиймати 7,6 млрд. сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмларини республикамиз худудига ноқонуний равишда кириб келиши ҳамда муомалага киритилиши олди олинган.
28.06.2019