Яқинда Бухоро вилояти божхона бошқарасида “Тинчлик – энг олий неъмат” деб номланган семинар ташкил этилди.
Унда бошқарма раҳбарияти билан бир қаторда, Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг вилоятдаги вакиллари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари иштирок этишди.
Тадбир аввалида сўз олган Бухоро шаҳридаги “Шох Ахсавий” жомеъ масжиди имом хатиби Х. Ширинов ислом динида тинчлик, осойишталикнинг қадрига етиш борасида айтилган қимматли фикрлар ҳақида тушунтиришлар берди. Хусусан, у ўз маърузасида “манбаларда келтирилишича икки хил неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир” дея таъкидлади.
Шундан сўнг сўз олган бошқарма бошлиғи Д. Салимов, йиғилганларга буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг тинчликни таъминлаш йўлида амалга оширган эзгу ишлари ҳақида сўзлаб берди ва Баҳовуддин Нақшбанднинг “Дил ба ёру даст ба кор”, яъни “Кўнглинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин” деган машҳур сўзларидан тегишли хулоса чиқaриш лозимлигини айтиб ўтди.
Шу билан бирга, тадбирда Ўзбекисон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди.
27.06.2019