Божхона тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун соҳада жорий қилинаётган қулайликлар ва сўнгги ўзгаришларни кенг оммага эътиборига яқиндан етказиш мақсадида ташкил қилинган тадбирда Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Б.Раҳимов журналистларга мавзу юзасидан батафсил ахборотлар берди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 24 ноябрдаги ПФ-5582-сон Фармони давлат божхона хизмати органлари тизимидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг янги даврини бошлаб берди.
Мазкур Фармонга биноан товар ва транспорт воситаларининг божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш жараёнида 2018 йилнинг 1 декабрдан “сариқ” ва “қизил”, 2019 йилнинг 1 мартидан эса “яшил” ва “кўк” йўлакларни қўллашни назарда тутувчи “Хавфни бошқариш тизими” амалиётга тўлиқ татбиқ этилди.
2019 йил 1 февралдан бошлаб божхона амалиётларида илгари ўхшаши кузатилмаган янги институт - ваколатли иқтисодий операторлар жорий қилинди. Яқинда эса республикамизда фаолият кўрсатиб келаётган 5 та тадбиркорлик субъекти мамлакатимиздаги илк ваколатли иқтисодий операторлар мақомига эга бўлишди. Эндиликда улар божхона операциялари ва божхона назоратини амалга оширишдаги махсус соддалаштиришлардан фойдаланишади.
Соҳага доир яна бир янгилик - 2019 йил 1 февралидан бошлаб, Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари ҳамда “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексининг бир қатор божхона постларида республикамизда илк маротаба “фронт-офис”лар ўз фаолиятини бошлади.
“Фронт-офис”лар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона юк декларациясини тўлдириш бўйича бепул асосда хизмат кўрсатувчи махсус шахслар гуруҳи бўлиб, улар ҳудудий божхона бошқармалари билан тузилган фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси асосида фаолият кўрсатадилар.
“Фронт-офис” хизматчилари асосан тадбиркорнинг мурожаатлари асосида божхона юк декларациясини тўлдириш ва тадбиркорга ўз ваколати доирасида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини таништириш билан шуғулланишади.
Бу жараёнда улар божхона назорати зонасига кириш, божхона масалалари бўйича божхона ходимларидан белгиланган тартибда маслаҳатлар ва маълумотлар олиш ҳуқуқига ҳам эгадирлар.
Содда қилиб айтганда тадбиркор божхона юк декларациясини тўлдириш учун тўғридан тўғри “фронт-офис” хизматчиларига мурожаат қилиб, бу жараёнда зарур бўладиган ҳужжатларни, шунингдек товар кодлари ҳамда божхона қиймати тўғрисида маълумотларни тақдим этса, кифоя.
Бунда “фронт-офис” хизматчиси декларацияни электрон дастурда тўлдиради. Сўнгра тадбиркор тайёр декларацияни ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаган ҳолда тегишли ахборот тизими орқали божхона органларига тақдим қилади.
Ваҳоланки, 2018 йилнинг 1 июлига қадар божхона юк декларацияларини фақатгина тегишли малака аттестатига эга бўлган божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларгина тўлдириш ва божхона органларига тақдим қилиш ҳуқуқига эга эди. Бу эса тадбиркорлар божхона брокерлиги идораларига мурожаат этишга ва бунинг учун озми-кўпми харажат қилишга мажбур бўлишар эди.
2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб эса, тадбиркорларимизга ҳам мустақил равишда божхона юк декларациясини тўлдириш ва божхона органларига тақдим қилиш ҳуқуқи берилди. Лекин барча тадбиркорлар ҳам бу борада бирдек салоҳиятга эга эмаслигини инобатга олсак, “фронт офис”лар фаолияти ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, бизнес вакиллари учун айни муддаодир.
Фронт офислар фаолиятининг давлатимиз томонидан молиялаштирилиши тадбиркорларимизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг навбатдаги намунаси бўлди дейишимиз мумкин.
Анжуманда божхона органлари фаолиятига замонавий ахборот коммуникация технологияларини татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан ҳам батафсил ахборотлар берилди.
Ҳозирда юк оқими юқори бўлган 16 та автомобиль ва темир йўл божхона постларида 17 та инспекцион-кўрик мажмуалари ўрнатилган.
Жумладан, 2018 – 2019 йиллар давомида “Чуқурсой техник идора”, “Сариосиё”, “Хўжадавлат” ва “Бекобод” темир йўл божхона постлари 4 та ИКМ билан жиҳозланди. 2019 йил якунигача яна битта темир йўл божхона пости замонавий ИКМ билан жиҳозлаш юзасидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари чегара божхона постларида қўл юкларини назорат қилиш учун 39 комплект замонавий рентген аппаратлар билан жиҳозланди.
Янги технологияларни татбиқ этишда яна битта йўналишлардан бири инсон танасини сканер қилувчи замонавий сканер қурилмаси синов тариқасида “Ислом Каримов” номидаги Тошкент халқаро аэропортига ўрнатилди ва айни вақтда синовдан ўтказилмоқда.
Синов натижаларига кўра 7 та ҳолатда қиймати 422,4 млн. сўмлик 1,3 кг заргарлик тилла буюмлари фуқароларнинг тана аъзоларига беркитилган ҳолда олиб ўтиш ҳолатлари аниқланди.
Аҳамиятли жиҳатлардан бири, бугунги кунда соҳада 50 дан ортиқ ахборот тизимлари ва 14 та интерактив хизматлар ишга туширилди. Бунинг натижасида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан 100 % божхона юк декларациялари электрон кўринишда тақдим этилмоқда.
Эътиборлиси, расмийлаштириш жараёни учун сарфланадиган вақт ўртача 2 соатдан 5 дақиқагача қисқартирилди.
Тадбирда божхона соҳаси учун профессионал ва билимли кадрларни тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам сўз юритилди.
Муҳтарам Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 2 ноябрдаги ПҚ-3995 сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институти Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти этиб қайта ташкил этилди ва божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ихтисослаштирилган олий таълим ҳамда илмий-методик муассаса сифатида белгиланди.
Институтда божхона иши соҳасидаги халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда курсантларида таҳлилий фикрлаш, янги билимларни мустақил равишда эгаллаш ва уларни амалиётда қўллаш кўникмасини ривожлантиришга йўналтирилган янгича ўқитиш тизимини шакллантириш мақсадида икки босқичли “Божхона иши” ва “Юриспруденция (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш)” мутахассисликлари бакалаврларни ҳамда “Божхона иши (фаолият турлари бўйича)” ва “Солиқ ва божхона ҳуқуқи” мутахассисликлари бўйича магистрларни тайёрлаш амалга оширилади. Эндиликда юриспруденция мутахассислигини тамомлаган институт битирувчиларининг касбий фаолият соҳалари кенгайиб, нафақат божхона органларида, балки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида ҳам хизматни ўташ имкониятига эга бўлишади.
Анжуман якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
26.06.2019