Тадбир аввалида халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокидаги брифинг бўлиб ўтди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги нарковазиятга салбий таъсир кўрсатаётган асосий омил - қўшни Афғонистоннинг ҳанузгача гиёҳвандлик воситаларини етишитириш бўйича жаҳондан биринчи ўринларда турганидир. Таҳлилларга кўра, бу ерда ўтган йилда 6400 тонна опий етиштирилган.
Ўзбекистонда 2018 йилда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 4779 та жиноят фош этилган. Натижада, 1 тонна 172 кг.дан ортиқ наркотик моддалар мусодара қилинган.
Таъкидланишича, республикамизга афғон наркотикларини асосан Амударё орқали Сурхондарё вилоятига, жанубий-шарқдан Самарқанд ва Сирдарё вилоятларига ҳамда шимолий-шарқдан Фарғона водийси ва Тошкент вилоятига олиб кириш ҳолатлари учрамоқда.
2018 йилда 20,6 кг. героин, 254,7 кг. опий, 61,4 кг. гашиш, 600,8 кг. марихуана, 227 кг. кўкнор, 7,5 кг. трамадол ва 165,7 гр. янги турдаги психофаол воситалар мусодара қилинган.
Биргина Давлат божхона қўмитаси томонидан бу йўналишда 2018 йилда 229 та қонунбузарлик ҳолатлари фош қилинган. Натижада, 46,6 кг. наркотик моддалар, 2278 дона психотроп таблеткалар ва 822,3 гр. прекурсорлар мусодара қилинган.
Брифингдан сўнг кенг жамоатчилик гувоҳлигида 1,1 тоннадан ортиқ наркотиклар ёқиб юборилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкин-ки, гиёҳвандлик фақатгина унинг домига тушиб қолган шахснинг фожеаси эмас, балки жамият равнақига ҳамда юрт тараққиётига болта урувчи офатдир. Шундай экан, ушбу мудҳиш иллатга қарши курашиш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг эмас, балки ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимизга айланмоғи шарт.
Ҳусан Тангриев,
ДБҚ Ахборот хизмати бош инспектори
26.06.2019