Қорақалпоғистон Республикасида хизматни ўтаётган божхона ходимлари ҳам тадбиркорларнинг таянчи сифатида, иқтисодий тараққиётимизни янада жадаллаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида фидокорона хизмат қилиб келишмоқда.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси тасарруфида 3 та ташқи иқтисодий фаолият постлари, 5 та чегара божхона постлари фаолият кўрсатмоқда.
Дастлаб, Қорақалпоғистоннинг қўшни Қозоғистон билан чегарада жойлашган ва туну-кун фаолият кўрсатувчи “Доут-ота” чегара божхона пости ҳамда “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона постларида хизмат қилаётган божхоначилар фаолиятига тўхталиб ўтамиз.
Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот тумани ҳудудидаги “Даут-ата” чегара божхона пости пойтахт Нукус шаҳридан 445 км узоқликда жойлашган.
Қўшни давлатлар билан савдо иқтисодий муносабатларнинг тобора ривожланиб бораётганлиги натижасида мамлакатимизнинг шимолий дарвозаси ҳисобланувчи ушбу пост орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ҳамда автотранспорт воситалари сони тобора ортиб бормоқда.
Масалан, 2016 йилда пост орқали жами 656 267 нафар фуқаролар ҳаракатланган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 982 061 нафарни ташкил этди.
Бу эса мазкур пост орқали 2016 йилга нисбатан 325 794 нафар зиёд (ўсиш 49,6 фоиз) фуқаролар ҳаракатланганини кўрсатмоқда.
Шунингдек 2016 йилда пост орқали жами 59 921 та юк ва енгил транспорт воситалари ҳаракатланган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 104 856 тани (ўсиш 74,9 фоиз) ташкил этган.
“Доут-ота” чегара божхона постида “Rapiscan Eagle G60” русумли муқим инспекцион кўрик мажмуаси ўрнатилган бўлиб, мазкур замонавий сканер қурилмаси юртимиз сарҳадлари орқали ўтаётган катта ҳажмдаги транспорт воситаларини бир неча сония ичида тўлиқ сканердан ўтказиш имконини беради. Бу эса ўз навбатида божхона кўриги самарадорлигини янада ошириб, кўрик учун кетадиган вақтнинг сезиларли даражада қисқаришига хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистонда сайёҳлик ҳам йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Меҳмонлар айниқса ушбу кўҳна замин ҳудудида жойлашган қадимий обидаларни бориб кўриш, туяларда сайр қилиш, ўтовда тунаш, Орол денгизи ҳамда Савицкий музейига ташриф буюришни хуш кўришади.
“Доут-ота” чегара божхона постида хизматни ўтаётган божхоначилар эса мамлакатимизга ташриф буюраётган барча сайёҳларни очиқ чеҳра ва самимий табассум билан кутиб олиб, улар билан бемалол хорижий тилларда суҳбатлашишлари беҳад мамнуният бағишлайди.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона пости ходимлари ҳам мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлидасадоқат билан хизмат қилиб келишмоқда.
Мазкур божхона постида ҳафта давомида жами 28 та йўловчи поездлари,шундан экспорт йўналишида “Нукус – Бейнеу”, “Тошкент – Волгоград”, “Тошкент – Саратов” поездлари ҳаракатланса, импорт йўналишида “Бейнеу – Нукус”, “Волгоград – Тошкент”, “Саратов - Тошкент” поездлари ҳаракатланади.
Транзит йўналишида эса “Хўжанд – Москва”, “Москва – Хўжанд”, “Душанбе – Москва”, “Москва – Душанбе”, “Кўлоб – Москва”, “Москва – Кўлоб” поездлари ҳаракатланади.
Божхоначилар ҳафта давомида ушбу йўналишли поездлар орқали ҳаракатланаётган 14 минг нафарга яқин фуқароларни белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказишади.
Бундан ташқари, ҳафта давомида ўртача 25 та темир йўл юк составлари божхона чегараси орқали ҳаракатланади.Ушбу юк составларидагижами 1500 та юк вагони постда ўрнатилган темир йўл совтавлари учун мўлжалланган “Rapiscan Eagle R60” русумли инспекцион кўрик мажмуасидан ўтказилиб, божхона назорати ишлари амалга оширилади.
2019 йилнинг ўтган 5 ойи давомида божхона пости орқали ҳаракатланган жами 260 387 нафар фуқаролар белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди.
Пост ходимлари томонидан шу давр мобайнида жами 347 та қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, умумий қиймати қарийб 650 миллион сўмлик ноқонуний олиб ўтилаётган ва сифати кафолатланмаган товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олиб қолинди.
Муҳтарам Президентимиз томонидан божхона органлари ходимларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.
Бу каби амалий чора-тадбирларнинг узвий давоми сифатида айни пайтда пост ходимлари учун Қўнғирот туманида 2 та икки қаватли 16 хонадондан иборат хизмат уйларини қуриш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда.
Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасини бугун ўз ҳаётида амалий ифодасини кўраётган божхоначилар келажакка ёрқин ишонч билан қараб, мамлакатимиз тараққиёти йўлида туну-кун хизматни давом эттиришмоқда.
Нурбек Саломов
Давлат божхона қўмитаси
Матбуот хизмати
24.06.2019