Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистонда илк ваколатли иқтисодий операторлар маълум бўлди
1736
Улар бошқа тадбиркорлик субъектларига нисбатан афзалликларга эга бўлишади.

Республикамизда фаолият кўрсатиб келаётган 5 та тадбиркорлик субъекти мамлакатимиздаги илк ваколатли иқтисодий операторлар мақомига эга бўлишди. Булар:

Navruz International Corp. МЧЖ

"UNITED DISTRIBUTION" ХК

"ROODELL" МЧЖ

"ZELAL TEKSTIL" МЧЖ

"UzCarlsberg" МЧЖ

Улар “А” тоифасидаги ваколатли иқтисодий операторлар сифатида эндиликда божхона операциялари ва божхона назоратини амалга оширишдаги махсус соддалаштиришлардан фойдаланишади.

Хўш, ваколатли иқтисодий оператор нима?

Ваколатли иқтисодий оператор  - божхона операцияларни амалга оширишда соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш учун юридик шахсларга бериладиган мақом бўлиб, “А” ва “Б” тоифаларга бўлинади ҳамда тоифасига қараб, махсус соддалаштиришлар — алоҳида божхона операциялари ва божхона назоратини амалга ошириш хусусиятлари қўлланилади.

“А” тоифасидаги ваколати иқтисодий оператор мақомини қўлга киритиш учун тадбиркорлик субъектлари қандай мезонларга мос келиши лозим? Демак,

- божхона органларига мурожаат қилингунга қадар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 174, 175, 176, 177 ва 227-22727-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун юридик шахснинг раҳбари ва бош бухгалтери, шунингдек, ваколатли шахсининг маъмурий жавобгарликка жалб қилинганлик ҳолатлари мавжуд бўлмаслиги;

- божхона органларига мурожаат қилингунга қадар сўнгги беш йил мобайнида юридик шахснинг раҳбари ва бош бухгалтери, шунингдек, ваколатли шахси Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 182, 184, 189, 209, 228 ва 246-моддаларида назарда тутилган жиноят учун жиноий жавобгарликка тортилган ҳолатлари мавжуд бўлмаслиги;

- солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шу жумладан улар бўйича жарима ва пенялар тўлаш юзасидан қарздорлик мавжуд бўлмаслиги;

- божхона органларига мурожаат қилгунга қадар камида уч йил ташқи иқтисодий фаолият амалга оширилган бўлиши;

- товарларни сақлаш учун омбор сифатида фойдаланишга мўлжалланган (фойдаланиш ёки эгалик қилиш ҳуқуқида) иншоотлар, бинолар (биноларнинг бир қисми) ва (ёки) очиқ майдончаларга (очиқ майдончаларнинг бир қисми) эга бўлиш;

- импорт ва (ёки) экспорт қилинган товарларнинг фактура қиймати йилда камида 2 млн АҚШ доллари эквивалентини ташкил қилиши ва сўнгги ўн икки ой мобайнида камида 100 та импорт ва (ёки) экспорт божхона юк декларацияси расмийлаштирган бўлиши ёки тўланган божхона тўловларининг суммаси энг кам ойлик иш ҳақининг камида 20 000 баробарини ташкил қилиши ва камида 50 та импорт ва (ёки) экспорт божхона юк декларацияси расмийлаштирган бўлиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5582-сон Фармони билан 2019 йил 1 февралдан бошлаб, мамлакатимизда инсофли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишни назарда тутувчи халқаро стандартларга мувофиқ ваколатли иқтисодий операторлари институти жорий этилди.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 апрелдаги “Ваколатли иқтисодий оператор институтини жорий этиш чора тадбирлари тўғрисида” 363-сон қарори билан Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Ваколатли иқтисодий операторлар реестри Давлат божхона қўмитаси расмий веб-сайтига жойлаштирилди ва доимий равишда янгилаб борилади.

Ҳусан Тангриев

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати бош инспектори

22.06.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг