Жумладан, Хонқа, Боғот ва Урганч туманларида жойлашган мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари нафақат маҳаллий бозорларни сарҳил мевалар билан таъминлабгина қолмасдан, давлатимиз томонидан яратилган имкониятлардан фойдаланиб, чет элларга ҳам экспорт қилиш бўйича шартнома имзолашган.
Шуни алоҳида такидлаш жоизки, Хоразм воҳасида 2019 йилнинг январь-май ойлари давомида қиймати 46,6 млн. АҚШ долларлик мева-сабзавотлар экспорт қилинди.
Куни кеча Хоразм вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти ва таркибий тузилмалар бошлиқлари ҳамда туман раҳбарлари иштирокида мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор ҳужжатларни мазмун моҳиятини етказиш ва амалий ёрдам бериш мақсадида жойларга чиққан ҳолда учрашувлар ўтказилди.
Учрашув давомида экспорт фаолиятини амалга оширишда яратилаётган қулайликларга қарамасдан, айрим тадбиркорлар томонидан мева-сабзавотларни жуда юқори ёки паст нархларда экспорт қилиш ҳолатлари кузатилаётганлиги, шунингдек, автотранспорт воситасига ҳужжатларда кўрсатилмаган бутунлай бошқа мева-сабзавот маҳсулотларини ортиб, ноқонуний даромад орттиришга уриниш ва уларнинг қинғир қилмишлари эса божхона органлари томонидан ўз вақтида фош этилаётганлиги бўйича аниқланган ҳолатлардан мисол келтирилди.
Бу эса экспорт қилинаётган мева-сабзавотларимизга нисбатан хорижий давлатларда импорт божхона қиймати жуда юқори белгиланишига, шу билан бирга маҳсулотларимизнинг божхона кўригидан тўлиқ ўтказилишига, ҳалол тадбиркорларимиз учун хорижий давлатларда ишонч йўқолишига, маҳсулотларимизнинг ташқи бозорларда нархи ошиб, рақобатсиз бўлиб қолишига олиб келиши борасида тўлиқ тушунтиришлар бериб ўтилди.
Шунингдек, божхона соҳасида яратилган қулайликлар, имтиёзлар ва янги тартиботлар бўйича тайёрланган буклетлар тарқатилди.
Учрашув якунида божхона соҳасига оид таклиф ва саволлар юзага келганда Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ёки Хоразм вилояти божхона бошқармасининг (362) 224-59-20 рақамли “Ишонч телефони”га мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
21.06.2019