Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспорт салоҳияти тобора ортмоқда
1524
2019 йилнинг ўтган 5 ойида Самарқанд вилояти тадбиркорлари 140,80 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишди.
Экспорт салоҳияти тобора ортмоқда

Экспорт товарлари ўтган йилнинг шу даври билан солиштирилганда (2018 йилнинг 5 ойида 113,95 миллион доллар) 26,85 миллион АҚШ доллари ёки 23,6 фоизга кўпайган.

Экспорт кўрсаткичларини ҳудудлар кесимида саралайдиган бўлсак энг кўп маҳсулот сотганлардан Самарқанд, Жомбой, Ургут ва Тойлоқ туманлари етакчилик қилмоқда.

Вилоятда тайёрланган мева-сабзавот ва саноат маҳсулотлари асосан 13 та давлатга экспорт қилинди. Сотилган маҳсулотни импортёр давлатлар кесимида оладиган бўлсак, Россия 15,3 фоизни, Туркия 13,7 фоизни, Хитой 8,7 фоизни, Эрон 6 фоизни, Қозоғистон 5,6 фоизни, Украина 4,4 фоизни, Беларусь 4 фоизни, Туркманистон 3,8 фоизни, Озарбайжон 3,4 фоизни, Ироқ 3 фоизни, Тожикистон 2,8 фоизни, Афғонистон 2,5 фоизни, Грузия 2,2 фоизни ва бошқалар 24,6 фоизни ташкил этди.

- Хўжалигимиз 2017 йилда ташкил этилган бўлса-да Туркия, Россия, Беларусь, Бирлашган Араб Амирликлари каби ўндан ортиқ давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, - дейди Оқдарё туманидаги “Пичоқчи Драй фрутс” фермер хўжалиги бошлиғи Толибхон Абдужалилов. – Уларга асосан ёнғоқ, қуруқ мевалар ва дуккакли маҳсулотлар экспорт қиляпмиз. 2018 йилда 1 миллион 150 минг долларлик маҳсулот сотган бўлсак, бу йил натижани 3 миллион долларга етказишни режалаштиряпмиз. Қолаверса, туркиялик ҳамкорларимизнинг 2 миллион долларлик сармояси ёрдамида ёнғоқчилик кластери ташкил этяпмиз. Бунинг учун туман ҳокимлиги томонидан 30 гектар ер майдони ажратилиб, ишлар бошлаб юборилди.   

Бундан ташқари, вилоятимиз тадбиркорлари қуритилган мева, пластмасса қувурлар, тухум, болалар тагликларини ҳам экспортини йўлга қўйишди. Бунинг натижасида экспорт географияси Жазоир, Кувайт, Черногория, Кипр, Словакия каби давлатларга кенгайди.

Ҳозирда албатта давлатимиз томонидан экспортёрларга божхона соҳасида берилаётган имтиёзлардан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5495-сонли Фармонига кўра мева-сабзавот маҳсулотларига экспорт контрактларини «Ўзагроэкспорт» АЖ томонидан эълон қилинган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича тузиш, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт контрактини тузмасдан, «Ўзагроэкспорт» АЖ расмий веб-сайтида қайд этилган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича инвойс асосида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби бекор қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 октябрдаги ПҚ-3978 сонли Қарори билан юридик шахслар – мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.

Шу билан бирга юридик шахслар мева-сабзавот маҳсулотлари экспортидан тушумларни ўз вақтида таъминламаган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда 100 фоизлик олдиндан тўлов олиш талаблари уларга қўлланган ҳолда ноҳалол мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилар реестрига киритиши белгиланди.

Қонунчиликда яна бир янгиликлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5582 сонли Фармонига кўра тадбиркорлик субъектларининг экспорт контрактларини давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб валюта назорати органлари томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими орқали ташқи савдо контрактлари назорати ва мониторингини сақлаб қолиш шарти билан бекор қилинди.

Бу каби имкониятлардан тадбиркорларимиз самарали фойдаланишлари керак. Уларни қўллаб-қувватлаш, экспорт товарларини тезда божхона расмийлаштирувидан ўтказиб бериш эса божхоначиларнинг хизмат вазифасидир.

20.06.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг