Аммо, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постидан аниқланган божхона қоидабузарлигида эса фуқаро Н.Ш. номига хориждан юборилган почта жўнатмасидаги товарларнинг барчаси ҳам декларацияда кўрсатилмагани фош бўлди. Шу тариқа жўнатмадаги қиймати 6,5 млн. сўмлик 15,3 гр. оғирликдаги тилла тақинчоқларнинг яширинча олиб кирилиши фош қилинди.
“Келес” темир йўл чегара божхона постида қўшни давлатдан кириб келган поезд йўловчиларининг қўл юкларини божхона назоратидан ўтказиш давомида фуқаро М.Ш. 211 дона тилла ва кумушдан ишланган тақинчоқларни божхона назоратидан яшириб олиб кираётганлиги фош этилди.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона пости ходимлари томонидан эса қўшни мамлакатдан кириб келган фуқаро М.Ф бошқарувидаги “Toyota Сorolla” русумли автомашинани божхона назоратидан ўтказиш давомида автомашина олд ўриндиқлари орасига 190,84 гр. кумуш тақинчоқлар яширилганлиги аниқланди.
Хоразм вилояти божхона бошқармаси “Шовот” чегара-божхона постида қўшни давлатдан пиёда равишда кириб келган 2 нафар фуқаролар божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уринишгани аниқланди. Салкам 108 гр. оғирликдаги кумуш тақинчоқларни яширинча олиб ўтиш учун, уларнинг бири тақинчоқларни пойабзалининг пошна қисмига бекитган бўлса, иккинчиси кўйлагининг ёқаси остига яширгани фош бўлди.
Тошкент вилоятидаги “Ғишткўприк” чегара-божхона постида эса фуқаро К.Е.сумкасининг ички чўнтагида қиймати 7 млн. сўмлик 259 гр. кумуш тақинчоқларни декларацияламасдан туриб, олиб кираётганида тўхтатиб қолинди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
17.06.2019