Худди шундай тадбирларнинг навбатдагисида Тошкент Давлат иқтисодиёт университетини жорий йилда тугаллаётган талабалар иштирок этишди.
Тадбир аввалида дастлаб битирувчиларга давлат божхона хизмати органлари ҳақидаги тасаввурларини бойитишга хизмат қиладиган турли видеоролик ва махсус кўрсатувлар намойиш қилинди.
Шунингдек, Давлат божхона қўмитасининг бир қатор мутасадди вакиллари соҳага кадрларни ишга қабул қилиш тартиблари, тизимга жорий қилинаётган ахборот-коммуникация технологиялари, божхона назоратини ташкил этиш ва божхона экспертизасини амалга оширишдаги сўнгги янгиликлар ҳақида батафсил ахборотлар беришди.
Шундан сўнг талабалар билан очиқ мулоқот ва ўзаро савол-жавоблар қизғин тус олди. Талабаларнинг товарлар импортида акциз ва қўшилган қиймат солиқларини ундириш тартиблари, божхона қийматини аниқлаш усуллари ва бошқа бир қатор йўналишларда берган саволларидан кўриндики, талабаларда божхона соҳасига бўлган қизиқиш юқори.
Аммо, қизиқишнинг ўзи етарли эмас! Божхоначи бўлиш учун энг аввало юксак одоб-аҳлоқ билан бир қаторда пухта билим, ва албатта жисмонан соғлом бўлиш талаб этилади.
Очиқ мулоқотдан сўнг талабалар Давлат божхона қўмитасининг “Божхона тарихи” музейи фаолияти билан яқиндан танишишди.
Музейда божхонанинг ўтмиши, шаклланиш даври ва ҳозирги тараққиёт босқичидан ҳикоя қилувчи турли маълумотлар ва экспонатлар билан танишиб, талабалар божхона соҳаси нақадар серқирра эканлигига яна бир карра амин бўлишди.
- Бугунги тадбирдан сўнг божхона соҳаси ҳақидаги тасаввурларим янада кенгайди, - деди талабарлардан бири Зуфаржон Музаффаров. – Илгари божхона деса фақат давлат бюджетига божхона тўловларини ундирувчиларни тасаввур қилардим. Аммо, бу фаолиятнинг бир йўналиши экан, холос. Божхоначилар мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда халқимизнинг ноёб тарихий ва маданий бойликлари, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини асрашда ҳам бевосита ва билвосита иштирок этишларини тушуниб етдим. Чегара-божхона постларидаги фаолият билан ташқи иқтисодий фаолият божхона постларидаги хизмат жараёнларининг бир-биридан фарқини янада яққол билиб олдим. Шу сабабли бу каби тадбирларнинг тез-тез ташкил қилиниши биз талабалар учун жуда фойдали бўлади деб ҳисоблайман.
Бир сўз билан айтганда бу каби тадбирлар ёшларни божхона соҳасига қизиқтириш билан бир қаторда улар орасидан юксак билимли ва интеллектуал ёшларни саралаб, божхона соҳасига жалб қилишга ҳам хизмат қилади.
Ҳусен Тангриев,
ДБҚ Ахборот хизмати бош инспектори
15.06.2019