Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорлар билан сайёр учрашув бўлиб ўтди
1792
Сўнгги йиллар давомида божхона соҳасида қабул қилинган муҳим ҳужжатлар, жорий қилинган янги тартиб ва қулайликларнинг барчаси ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини оширишга қаратилиб келинмоқда.
Тадбиркорлар билан сайёр учрашув бўлиб ўтди

Тошкент шаҳар божхона бошқармасида Давлат божхона қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари А.Асамов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан мамлакатимизда экспорт салоҳиятини ошириш, экспорт қилинаётган маҳсулотлар турларини кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, шу жумладан экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, маҳаллий корхоналар маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаришда экспортёр корхоналар фаолиятида юзага келаётган мавжуд муаммоларни ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш мақсадида тадбиркорлар ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан “Очиқ мулоқот” тарзида навбатдаги сайёр учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ҳамда “Тошкент-Аэро” ИБК ходимлари, Тошкент шаҳар карантин инспекцияси, давлат  ветеринария бошқармаси, Тошкент минтақавий темир йўл узели вакиллари ҳамда пойтахтимизда экспорт фаолияти билан шуғулланувчи ишлаб чиқариш корхоналарининг вакиллари қатнашдилар.

Учрашув аввалида, республикамизда тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Тадбир давомида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш борасида янги қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек уларнинг ижроси юзасидан давлат божхона қўмитаси ва бошқармалар томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил маълумотлар берилди.

Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркорларга яратилган қулайликлар ва енгилликлар ҳақида сўз кетар экан Президентимизнинг 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 3978-сонли Қарори хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиздир.
Мазкур ҳужжат билан эндиликда экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар.

Тадбир давомида тадбиркорлик субъектларнинг фаолиятида  учраётган  муаммолар эшитилиб, божхона органлари  ваколати доирасида масалаларни ўрганиш натижасига  кўра  жойида ҳал этилди. Шу билан бирга, ваколатли қўмита ва вазирликлар билан биргаликда ўрганиб чиқилиши талаб этиладиган масалалар юзасидан қисқа муддатларда ҳамкорликда ўтказиладиган ўрганиш натижасига кўра қўшимча ахборот тақдим этилиши юзасидан  тушунтиришлар берилди.

Учрашувда тадбиркорлар фаолиятида юзага келаётган айрим ҳужжатларни янада соддалаштириш юзасидан тегишли масалалар муҳокама қилинди ва таклифлар билдирилди. Сайёр қабул сўнгида тадбиркорлик субъектларига фаоллик учун миннатдорчилик билдирилиб, божхона ишини такомиллаштириш, уларга ҳар томонлама қулайликлар яратиш бўйича божхона органлари доимо кўмак беришга тайёр эканлиги таъкидланди хамда коррупция ва бошқа ҳар қандай иллатларга қарши курашиш масалаларида тадбир катнашчиларини кенг ҳамкорлик қилишга яқиндан кўмаклашишлари таклиф этилди.

14.06.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг