Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Самарқандда хавфни бошқариш тизимининг тўлиқ жорий этилиши юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди
1927
Самарқанд вилояти Матбуот уйида божхона органларида “Хавфни бошқариш тизимининг тўлиқ жорий этилиши – ҳалол тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда муҳим омил” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Самарқандда хавфни бошқариш тизимининг тўлиқ жорий этилиши юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди

Унда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи, божхона хизмати полковниги Э.Салихов, бошлиқ ўринбосари Ж.Файзуллаев ва бошқарма масъул ходимлари иштирок этиб, оммавий ахборот воситалари ходимларига божхона соҳасида бўлаётган ислоҳотлар, тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар ва енгилликлар ҳамда вилоят божхона бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил ахборот бериб ўтишди.

Маълумки, охирги икки йил ичида давлатимиз Раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан божхона соҳасига оид бир қанча қарор ва фармонлар қабул қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5414-сонли Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон асосида, Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди ва иқтисодий фаолият иштирокчилари учун бюрократик тўсиқларни камайтириш имкони яратилди.

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 2 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3995-сонли Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти этиб қайта ташкил этилди ҳамда Божхона институти фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

2018 йилда Давлат божхона хизмати органларининг байроғи ва фарқлаш белгиси қабул қилинди ҳамда 26 январь Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни этиб белгиланди.

Божхона органларида қабул қилинган яна бир муҳим ҳужжатлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5582-сонли Фармони билан Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими тўлиқ режимда жорий этилди.

Бугунги кунда Самарқанд вилояти божхона бошқармасига қарашли “Самарқанд аэропорти” чегара божхона постида 2018 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар учун божхона ҳудудига кириб келиш ва уни тарк этиш бўйича “яшил” ва “қизил” йўлак тизими жорий этилди.

2018 йил давомида йўловчилар 96,8 фоизи “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган бўлса, 2019 йил январ-май ойи давомида 97,5 фоиз йўловчи “яшил” йўлакдан, 2,5 фоиз йўловчи эса “қизил” йўлак орқали ҳаракатланган.

Икки йўлакли тизим жорий этилгандан сўнг, йўловчиларнинг божхона назоратидан ўтиш жараёни тезлашди.

Маълумки, 2018 йил 1 мартдан бошлаб халқаро мақомга эга бўлган Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида жойлашган “Жартепа” чегара ўтказиш пункти қайта ўз фаолиятини бошлади.

“Жартепа” чегара божхона пости очилганидан жорий йилнинг май ойига қадар киришда 460 мингга яқин, чиқишда 455 мингдан ортиқ, жами 915 минг нафар йўловчилар ҳаракатланган бўлиб, кунига ўртача 2100-2200 нафар фуқаро божхона кўриги ва расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.

Пост орқали ўтган давр мобайнида жами 61 мингта, шундан киришда 30 мингга яқин ва чиқишда 31 мингдан ортиқ, кунига ўртача 140-150 та автотранспорт воситалари ҳаракатланмоқда. Божхона ходимлари томонидан ҳар бир енгил автомашина ўртача 15-20 дақиқада ичида, йўловчилар эса 7-9 дақиқа атрофида божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.

Бундан ташқари тадбиркор ва ҳайдовчиларга Давлат божхона қўмитасининг www.bojxona.uz расмий веб-сайтининг “Тадбиркорлар учун зарур маълумотлар” рукни орқали чегара божхона постларида навбатда турган автотранспорт воситалари сони, божхона юк декларацияларининг расмийлаштирувдаги ҳолати ва очиқ турдаги божхона омборлари бўйича онлайн маълумотлар олиш имконияти яратилган.

Тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш, уларнинг вақтларини тежаш  мақсадида “Самарқанд” ТИФ божхона постининг таркибида “Ургут” ЭИЗ пункти, “Улуғбек” ТИФ божхона постининг таркибида “Каттақўрғон” божхона пункти ҳамда “Зарафшон” ва “Жомбой” темир йўл станциялари ҳудудида божхона пунктлари мавжуд.

Божхона тизимида 2018 йил 1 декабрдан бошлаб, товар ва транспорт воситалари учун “сариқ” ва “қизил” йўлаклар ҳамда 2019 йил   1 мартдан бошлаб, “яшил” ва “кўк” йўлаклар ишга туширилди.

Эндиликда тадбиркорлар Давлат божхона қўмитасининг bojxona.uz сайтидаги http://service.customs.uz ҳаволаси орқали божхона юк декларациясининг мақоми ҳамда унинг қайси йўлакка жойлаштирилганлиги тўғрисида маълумотларни реал вақт режимида олишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги ПФ-5582-сонли Фармон талабларига асосан божхона расмийлаштируви вақти тўғрисидаги статистик ахборот ҳар ойда барча божхона постлари кесимида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Республиканинг 53 та ТИФ божхона постлари орасида жорий йилнинг январь ойида товарларни “импорт” божхона режимига расмийлаштириш учун сарфланган вақт бўйича (2:44:55) “Улуғбек” ТИФ божхона пости биринчи ўринни, февраль ойида иккинчи ўринни (2:56:25), “Самарқанд” ТИФ божхона пости январь ойида иккинчи ўринни (3:10:36), февраль ойида учинчи ўринни (2:42:21) ҳамда апрель ойида товарларни “экспорт” божхона режимига расмийлаштириш учун сарфланган вақт бўйича (0:17:47) “Самарқанд” ТИФ божхона пости биринчи ўринни эгаллади.

Эътибор қаратадиган бўлсак, Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизим жорий этилмасдан аввал божхона ходими томонидан божхона расмийлаштируви жараёни уч иш куни ичида амалга оширилган бўлса, эндиликда тадбиркорларнинг вақти тежалиб, ушбу жараён маълум бир дақиқаларда амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги ПФ-5414-сонли Фармонига асосан, 2018 йил 1 июлдан бошлаб ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқи берилди.

Бу борада вилоят божхона бошқармаси масъул ходимлари ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига 2018-2019 йиллар давомида ўқув-семинар ташкил этиб, уларга божхона юк декларацияларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш тартиби тўғрисида батафсил тушунчалар беришди.

Натижада 2018 йил июль-декабрь ойларида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан 15,5 фоиз, брокер ташкилотлар томонидан эса 84,5 фоиз БЮДлари тўлдирилиб, божхона органларига тақдим этилган. Бу борадаги кўрсаткичлар 2019 йил январь-май ойларида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан 21,5 фоизга, брокер ташкилотлар томонидан эса БЮДларини тақдим этишлари 78,5 фоизни ташкил этилганлигини кўришимиз мумкин.

2018-2019 йиллар давомида Самарқанд вилояти божхона бошқармасига жами 106 та юридик ва жисмоний шахслар томонидан ёзма мурожаатлар келиб тушган бўлиб, мурожаатларнинг барчаси белигиланган муддатларда ижрочилар томонидан кўриб чиқилиши таъминланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сонли Фармонига асосан Самарқанд вилоят божхона бошқармасида 2016 йил 26 ноябрда Жамоатчилик маслаҳат Кенгаши ташкил этилган. Унинг таркибига бошқарманинг етакчи мутахассислари, вилоятдаги мутасадди ташкилотлар ва йирик тадбиркорлик субъектларининг раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари киритилган. Кенгаш тадбиркорлик субъектлари билан божхона органлари ўртасидаги пайдо бўладиган муаммоли масалаларни кўриб чиқиб, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган ҳолатларни бартараф этиш, соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишга ўз таклифларини киритиш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасидаги ишларни амалга оширади.

Бундан ташқари вилоят божхона бошқармасида коррупцияни олдини олиш борасида чора-тадбирлар амалга оширилиб, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ҳамда чегара божхона постларида ҳаракатланаётган йўловчилар билан социологик сўровномалар ўтказилади. Ўтказилган сўровлар таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда берилган таклифларни ўрганиб чиқиш мақсадида ДБҚга ва бошқа мутасадди ташкилотларга маълумотлар тақдим этилади.

Шу билан бирга бошқармада божхона ходимларининг иш самарадорлигини ошириш, ўз устида доимий изланиш тамойилини жорий этиш мақсадида баҳолаш рейтинг тизими жорий этилган.

Бугунги кунда тадбиркорлар ва жисмоний шахслар иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ва вилоят божхона бошқармасининг (66)-233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” 24 соат давомида ишлаши йўлга қўйилган.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакилларига божхона соҳаси бўйича кўпроқ маълумотга эга бўлишлари ҳамда кенгроқ мақолалар ёритишлари учун вилоят божхона бошқармасининг асосий кўсаткичларига оид рисола ва буклетлар тарқатилди.

Журналистлар томонидан берилган саволларга божхоначилар тушунарли ва батафсил жавоблар беришди. Анжуманда божхона соҳасидаги ислоҳотларни ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига етказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳим эканлиги таъкидлаб ўтилди.  

14.06.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг