Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
КОРРУПЦИЯ-МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИККА ТАҲДИД
2247
Давлат божхона қўмитаси Олий ҳарбий божхона институтида “Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
КОРРУПЦИЯ-МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИККА ТАҲДИД

Давлат божхона қўмитасининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда  ДБҚ, Тошкент шаҳар ва вилояти божхона бошқармалари, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Миллий кинология маркази ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.

Тадбирни Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари М.Салиев очиб, мамлакатда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида мазкур иллатга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Мазкур йўналишда қабул қилинган қонун ҳужжатлари билан тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши курашнинг асосий принциплари сифатида белгилаб қўйилди. Қонун даражасида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари мустаҳкамланган. Хусусан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, барча соҳаларда коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, оқибати, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш асосий устувор йўналишлар этиб белгиланган.

Президентимиз Ш.Мирзиёев ўзининг сайловолди маърузаларидан бирида: “...бугунги кундаги яна бир устувор вазифамиз – мамлакатимиз ривожига тўсиқ бўлаётган ёвуз иллат, яъни, коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш масалаларини самарали ҳал этишдан иборат”лигини таъкидлаган эди.

Таъкидлаш жоизки мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш борасида муҳим ҳуқуқий база яратилди, уларнинг институционал тизимлашуви жорий этилди. Навбатдаги масала ушбу механизмларнинг тўлиқ татбиқ этилиши ва самарадорлигини янада оширишдан иборат.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”
2017 йил 2 февралдаги ПҚ-2752 қарори муҳим дастуруламал бўлмоқда. Айнан шу қарор асосида
2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури тасдиқланган бўлиб, ушбу ҳужжат "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларининг самарали ижросини таъминлаш, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳалари бўйлаб қамраб олиш имконини бермоқда.

Шу билан бирга қарор билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро ва ҳудудий идоралараро комиссиялар тузилиб, унга асосан Республика комиссияси аъзоси сифатида ДБҚ Раиси, ҳудудий идоралараро комиссияларининг аъзолари сифатида, ДБҚ ҳудудий бошқармалари бошлиқлари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси божхона органлари шахсий таркиби ўртасида қонунбузарликнинг содир этилишининг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш йўналишида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Дастур доирасида божхона органлари ходимлари зиммасига ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича бир қатор муҳим вазифа ва топшириқлар юклатилган бўлиб, уларнинг ижроси юзасидан ДБҚ ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ҳам қатор ишлар амалга ошириляпти.

Шу ўринда рақамларга мурожаат қилсак, республикамиз божхона органлари шахсий таркиби орасида хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва  қонунчиликнинг бузилишининг олдини олиш борасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 500 га яқин профилактик мазмундаги маърузалар ташкил этилди, 800 га яқин тадбирларда тушунтириш ишлари олиб борилди, 300 нафар ходим билан индивидуал тартибда профилактик тарбиявий ишлар ўтказилди. Мазкур ишларга божхона ходимларининг ота-оналари ва оила аъзоларини ҳам жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, божхона органларида хизматнинг тўғри ташкил этилганлиги ва ходимлар ҳушёрлигини текшириш, божхона назорати самарадорлигини янада ошириш ҳамда бу борада профилактик тадбирларни жонлантириш борасида масъул бошқармалар билан ҳамкорликда
2018 йилнинг ўтган даврида 200 га яқин хуфиёна (ошкора) текширувлар ўтказилган.

Давра суҳбатида бу ва бошқа маълумотлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Тадбир сўнгида огоҳлик – давр талаби эканлиги, коррупцияга қарши курашиш муҳимлиги яна бир бора таъкидлаб ўтилди. Озод ва обод Ватан тараққиёти йўлида тараққиёт ва маънавият кушандаси бўлмиш коррупциянинг олдини олиш барчанинг вазифаси эканлигини унутмаслик лозим.

 

 

27.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг