Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорларимиз қарийб 150 тонна қовун экспорт қилди
1442
Бугун серқуёш заминимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг барча нуқталарига экспорт қилинмоқда. Бу жараёнда ишбилармон ва уддабурон тадбиркорларимизнинг ҳиссаси беқиёсдир. Мазкур йўналишда жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатимизда, хусусан Қашқадарёда етиштирилган полиз ва мева маҳсулотлари чет давлатларга пешма-пеш жўнатилмоқда.
Тадбиркорларимиз қарийб 150 тонна қовун экспорт қилди

Айни кунда ҳам воҳанинг Косон, Чироқчи ва Қамаши туманларида етиштирилган қовунлар Россия Федерациясига экспорт учун юкланмоқда.

Дарҳақиқат, мазаси тилни ёрадиган қовунларимиз чет элларда севиб истеъмол қилинади. Маҳсулотни сотиб олиш истагида бўлган талабгорлар кўплаб топилади. Бу эса ўз маҳсулотини хориж бозорига етказиб беришни мақсад қилган юртимиз соҳибкорлари учун айни муддаодир. Маълумотларга кўра, пишиқчилик мавсумининг ўтган даврида вилоятдаги тадбиркорлар томонидан 142 тонна қовун экспортга йўналтирилди. Экспортчи корхоналар орасида Чироқчи туманидаги “Олтин воҳа агро инвест” МЧЖ ҳам бор.

– Айни вақтга қадар россиялик ҳамкорларимизга сара ва экспорт талабига мос қарийб 70 тонна қовун етказиб бердик, – дейди ушбу ташкилот раҳбари Абдулхай Номозов. – Хорижлик ишбилармонлар билан маҳсулотлар олди-сотди бўйича манфаатли келишувлар имзолаганмиз. Унга кўра, қовун, тарвуз, шафтоли каби сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспорт қилиниши мўлжалланган.

Қайд этиш жоиз, ҳар қандай мамлакат иқтисодий қудрати унинг жаҳон бозоридаги иштирокига, экспорт салоҳиятига қараб баҳоланади. Шу боис мамлакатимизда ҳам хорижга маҳсулот чиқариш кўламини ошириш, бу борадаги имконият ва ресурслардан тўлақонли фойдаланиш масаласи устувор аҳамият касб этаяпти. Шунга ҳамоҳанг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни экспорт фаолиятига жалб этиш, ташқи савдо билан шуғулланмоқчи бўлган ишбилармонларга кўмак кўрсатишга қаратилган чоралар кўрилмоқда, соҳа вакилларига енгилликлар тақдим этилаяпти.

Юртимиз замини саховатли, деҳқони миришкор, ер билан тиллашади. Тупроғимизда унган ноз-неъмат борки, бари сархил, экологик тоза, жуда тотли ва кўплаб фойдали хусусиятларни ўзида жамлаган. Шунинг учун ушбу маҳсулотларнинг қадри баланд, харидори кўп. Қишлоқ хўжалиги ривожига қаратилаётган эътибор сабаб эса нафақат бозорларимиз тўкинлиги таъминланаяпти, балки мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини хорижга сотиш имкони мавжуд. Бу имкониятдан унумли фойдаланиш мамлакатимиз иқтисодиёти ривожи, халқ фаровонлиги юксалишига ҳар томонлама хизмат қилади.

14.06.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг