Амалга оширилган ислоҳотлар натижаси ўлароқ, Сурхон воҳасида 2019 йилнинг январь-май ойлари давомида қиймати 52,2 млн. доллар, оғирлиги 78,7 минг тоннага тенг бўлган мева-сабзавотлар экспорт қилиниб, белгиланган ҳудудий экспорт прогноз режаси 127 фоизга бажарилди.
Экспорт фаолиятини амалга оширишда яратилаётган қулайликларга қарамасдан, айрим тадбиркорлар томонидан мева-сабзавотларни жуда юқори ёки паст нархларда экспорт қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Термиз шаҳар ҳокимлигида вилоят божхона бошқармаси томонидан ҳокимият вакиллари, экспортёр корхоналар ва бошқа алоқадор идоралар билан ҳамкорликда учрашув ташкил қилинди.
Учрашувда бошқарма бошлиғи Т.Саидов томонидан хўжалик юритувчи субъектларга мева-сабзавот махсулотларининг экспорт нархларини сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш ҳолатларига йўл қўймасликлари, бу каби ҳолатларнинг салбий оқибатлари тўғрисида маълумотлар берилди.
Жумладан, экспортёрларга бу каби сунъий ташқи савдо операциялари экспорт қилинаётган мева-сабзавотларимизга нисбатан хорижий давлатларда импорт божхона қиймати жуда юқори белгиланишига, шу билан бирга маҳсулотларимизнинг божхона кўригидан тўлиқ ўтказилишига, ҳалол тадбиркорларимизга хорижий давлатларда ишонч йўқолишига, маҳсулотларимизнинг ташқи бозорларда нархи ошиб, савдо кўлами пасайишига, натижада уларнинг сифати бузилишига ҳамда рақобатсиз бўлиб қолишига олиб келиши борасида тўлиқ тушунтиришлар бериб ўтилди.
Учрашув давомида экспортёрлар ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан ҳам тегишли маълумотларга эга бўлишди.
14.06.2019