Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Фахрийлар – эътибор ва эъзозда
1622
Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан кексаларга, мўътабар фахрийларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, бу борада кенг кўламдаги хайрли чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Фахрийлар  –  эътибор ва эъзозда

Таъкидлаш жоизки, божхона органларида узоқ йиллар давомида фидойилик билан хизмат қилиб, айни пайтда нафақага чиққан божхона фахрийлари ҳам доимий эътиборда.

Ушбу йўналишда 2001 йилда ўз фаолиятини бошлаган Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлари Уюшмаси томонидан ҳам ўтган давр мобайнида салмоқли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Давлат божхона қўмитасида ўтказилган Уюшманинг умумий йиғилишида ҳам божхона фахрийларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик хусусида сўз юритилди.

Умумий йиғилишда  иштирок этган Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Азимов бугунги кунда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари асосида  божхона органларида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, юртимизда кекса ва фахрийларга кўрсатилаётган эътибор ҳақида тўхталиб, ёш божхоначиларнинг ўз касбига содиқ ва ҳалол хизмат қилишларида  катта ҳаётий тажрибага эга бўлган божхона фахрийларининг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлади.

Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти ҳамда ҳудудий божхона бошқармаларида фахрийлар иштирокида ўтказилаётган маънавий маърифий тадбирлар ҳам айнан ушбу эзгу мақсадга  хизмат қилади.  

Шундан сўнг Уюшма бошқаруви раиси Деҳқонбой Кудриддинов уюшма томонидан амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиб,  умумий йиғилишда иштирок этган божхона фахрийларига батафсил маълумот берди.

Хусусан, Уюшма томонидан Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш, халқимиз, айниқса ёш авлод қалби ва онгига она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини чуқур сингдириш масалаларига муҳим эътибор қаратилиб, тарбиявий, маънавий-маърифий йўналишда 60 та учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда 1300 дан ортиқ божхона ходимлари, тингловчилар,  350 дан ортиқ фахрийлар иштирок этдилар.

Давлат божхона қўмитасининг  Божхона институтида божхона тизими учун кадрлар тайёрлаш ишига кўмаклашиш, тингловчиларнинг  Ватанга садоқатли бўлиш, миллий божхона тарихи ва анъаналари руҳида тарбиялаш, иқтидорли, аълочи тингловчиларни рағбатлантириш орқали Институтда таълим жараёни самарадорлигини ошириш мақсадида 2015 йилда Уюшманинг “Намунали божхона тингловчисига” Кўкрак нишони ҳамда Кўчма вимпели таъсис этилган.

Ўтган даврда Божхона институнинг ўқув йили якуни бўйича Кўчма вимпел ва Кўкрак нишонига сазовор бўлган 24 нафар тингловчиларига топширилди, уларнинг ота-онасига Уюшманинг Миннатдорлик хати юборилди.

Божхона тизими самарали хизмат қилиб, айни пайтда нафақада бўлган, фаол божхона фахрийларини рағбатлантириш, уларни Уюшма фаолиятига жалб этиш бошқарувнинг  диққат-эътиборида бўлмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  Фармонига биноан таъсис этилган  “Ўзбекистон Мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони” билан 13 нафар,  “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишони билан 10 нафар, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони билан 15 нафар божхона фахрийлари  тақдирландилар.

Мамлакатимиз иқтисодий  манфаатларини ҳимоя қилишда муносиб ҳисса қўшган  3 нафар  божхона фахрийлари Давлат божхона қўмитасининг “Фахрий Божхона ходими” кўкрак нишони билан тақдирландилар.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги байрами, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни, Ватан ҳимоячилари куни  ва “Наврўз” умумхалқ байрами ва бошқа миллий байрамлар  муносабати билан Давлат божхона қўмитаси  Раиси буйруғи билан,  мамлакатимиз иқтисодий  манфаатларини ҳимоя қилишда муносиб ҳисса қўшган  25 нафар  божхона фахрийлари Давлат божхона қўмитасининг “Фахрий ёрлиғи”, 20 нафари  “Ўзбекистон божхона хизмати” рангли китоб-альбоми,  Уюшма бошқарувининг қарори билан 80 нафар фахрий, Уюшманинг “Фахрий ёрлиғи” билан тақдирландилар.

9 май - “Хотира ва қадрлаш” куни муносабати билан фахрийлар Уюшмаси ва унинг жойлардаги бўлимлари,  божхона тизимининг барча тузилмалари билан ҳамкорликда, анъанага кўра ҳар йили бир қатор ташкилий-амалий ва хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Чунончи, касал бўлиб даволанаётган фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, уларга  моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Ёлғиз пенсионер ва ногиронлар, кам таъминланган эҳтиёжманд божхона фахрийларига, хизматни ўташ чоғида ҳалок бўлган ходимлари оила аъзоларига меҳр-мурувват кўрсатилиб, уларнинг кўнгли кўтарилди. Божхона тизимида узоқ йиллар хизмат қилиб, касаллиги туфайли вафот этганларнинг оила аъзолари   ҳолидан хабар олинди.

Ўтган даврда Уюшма бошқаруви томонидан ҳудудий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида ҳам ишлар олиб борилди. Жумладан, Уюшманинг Наманган, Хоразм вилояти бўлинмасига хизмат сафари уюштирилиб, “Эъзоз ва эътибор” гуруҳлари  фаолиятни яхшилаш бўйича тавсиялар берилди.

Уюшма тавсиялари асосида жойларда ҳам туркум мулоқотлар, учрашувлар ташкил этилди. Жумладан, ҳудудий божхона бошқармаларида кекса фахрийлар ва хизматни ўташ пайтида ҳалок бўлган ходимлар оилаларини оталиққа олиш мақсадида “Эъзоз ва эътибор” гуруҳлари аъзолари навбат билан ёши  етмишдан ошган фахрийлар, хизматни ўташ пайтида ҳалок бўлган ходимлар оилалари ҳолидан хабар олмоқдалар, уларга кўмакдош бўлмоқдалар.

          Миллий божхона тизимининг шаклланиши, ривож-равнақи ва такомиллашиши ҳақида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда фаол иштирок этиб келаётган Уюшма аъзоларини, фаол божхона фахрийларини  мукофотлаш мақсадида Фахрийлар Уюшмасининг  “Ўзбекистон божхона фахрийси”  кўкрак нишони таъсис этилиб, 90 нафар божхона фахрийлари ушбу кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Умумий йиғилишда ташкилий масалалар ҳам кўрилди. Хусусан, божхона фахрийлари орасидан Уюшманинг Бошқарув аъзолигига,  Уюшма Назорат-тафтиш комиссияси аъзолигига номзодлар сайланди.

Уюшманинг Бошқарув аъзолари орасидан Уюшма бошқаруви раислигига сайланган Д.Кудриддинов ўз маърузасида давлатимиз томонидан фахрийларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик изҳор этиб, божхона  фахрийлари бундан буён ҳам ўзларини ҳаётий ва касбий тажрибаларини ёш божхоначиларни Ватанга садоқатли этиб тарбиялаш ишига сафарбар этишларини таъкидлади.

 

12.06.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг