Форумга дунёнинг 40 дан зиёд мамлакатидан 300 нафарга яқин чет эллик тадбиркорлар ташриф буюрган. Форумнинг биринчи кунида «Шодиёна» мажмуасида очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов, вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири биринчи ўринбосари Алишер Абдуалиев, Республика Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов сўзга чиқди.
Шундан сўнг Давлат хизматлари марказида 4 та йўналиш — саноат ва муқобил энергия манбалари, қишлоқ хўжалиги ва маҳсулотларни қайта ишлаш, маданий-тарихий туризм, инновацион ғоялар ва технологиялар ҳамда хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш мавзуларида секциялар муҳокамаси ўтказилди.
“Паҳлавон” мажмуасида Наманган вилояти ишлаб чиқарувчиларининг миллий кўргазмаси, янги инвестиция лойиҳалари тақдимоти, ҳамда тегишли давлат идоралари фаолиятини акс эттирувчи кўргазмали бурчаклар ташкил этилиб, пресс-брифинг ўтказилди.
Ушбу форумда вилоятнинг тегишли давлат идоралари билан бир қаторда Наманган вилоят божхона бошқармаси ҳам фаол иштирок этиб, тадбиркорлар учун божхона соҳасида яратилаётган имкониятлар ва соҳага оид янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти иштирокчиларга етказилмоқда.
Бизнес форум давомида божхона соҳасига оид янги меъёрий ҳужжатлар, бошқарманинг манзили ва “Ишонч телефони” рақамлари акс эттирилган буклетлар ҳамда электрон визиткалар иштирокчиларга тарқатилмоқда.
8.06.2019