Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
ОЧИҚ МУЛОҚОТ — ҲУДУДЛАРГА ЧЕТ ЭЛ ИНВЕСТИЦИЯСИНИ ЖАЛБ ҚИЛИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ
2360
Бугунги кунда мамлакатимиз раҳбари томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва тадбиркорлик соҳасининг ривожига алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, давлат ташкилотлари томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлашга амалий кўмак берилмоқда.
ОЧИҚ МУЛОҚОТ — ҲУДУДЛАРГА ЧЕТ ЭЛ ИНВЕСТИЦИЯСИНИ ЖАЛБ ҚИЛИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Хоразм вилояти божхона бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектлари учун ташкил этилган тадбирда ҳам асосий эътибор ана шу масалаларнинг амалий натижасига қаратилди. Бошқарма томонидан “Мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияни жалб этиш ва экспорт салоҳиятини ошириш” мавзусида ташкил этилган семинар-йиғилишда божхона хизмати ходимлари, вилоят прокуратура, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси, вилоят инвестиция бош бошқармаси, сертификатлаштириш идоралари ва “Хазорасп ЭИЗ” дирекциясининг масъул ходимлари, тадбиркорлар, инвесторлар, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллар иштирок этдилар.

Тадбирда Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари А.Д.Асамов, Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Ф.Ш.Файзуллаев сўзга чиқдилар. Маърузада Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2018 йил 17 январдаги “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 20 июндаги “Инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини жадал амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорлари талабларига мувофиқ инвестицияларни жалб қилишда бир қатор тартиб-таомиллар ва ҳисобот шакллари қисқартирилганлиги ва бекор қилинганлиги ҳамда инвестиция иштирокида ташкил қилинган корхоналар томонидан импорт қилинадиган товарларга қўлланиладиган божхона имтиёзлари тўғрисида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.

Шу ўринда, Хоразм вилоятининг хорижий инвестиция иштирокида бирорта ҳам лойиҳалар режалаштирилмаган 7 та туман (Боғот, Гурлан, Янгибозор, Янгиариқ,  Ҳонқа, Урганч туманлари ва Хива шаҳри) ҳудудларида фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларга инвестиция лойиҳалари доирасида импорт қилинадиган товарларнинг расмийлаштируви соддалаштирилган тартибда амалга оширилиши ҳамда ушбу товарларга қўлланиладиган божхона имтиёзлари тўғрисида алоҳида маълумот берилди.

Маълумот ўрнида шуни қайд этиб лозимки, айни пайтда вилоят бўйича 5 та туманда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш бўйича умумий қиймати 1 триллион 541 миллиард сўмлик 12 та янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар ва таклифлар тайёрланмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилишига жами
96,6 миллион АҚШ долларлик хорижий инвестициялар жалб қилиниши кўзда тутилган бўлиб, бунинг натижасида аҳолини бандлиги таъминланади яъни вилоятда биргина бу соҳада янгидан 2 минг 214 та иш ўринлари яратилади.

Бугунги кунда вилоятда 37 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона ва ташкилотлар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб,  улар томонидан киритилган хорижий инвестициялар миқдори 75,7 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Ушбу корхоналар томонидан яратилган янги иш ўринлари эса 4 минг 837 тани ташкил қилган.

Тадбир давомида божхона хизмати мутахассислари томонидан тадбиркорларга товарлар экспорти ҳажмини ошириш, ташқи бозорга рақобатбардош маҳсулотлар билан кириб боришда экспортёрлардан товарларнинг сифатига, қадоқланишига, транспортировкасига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилаётганлиги юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам бериб ўтилди.

  • Бугунги тадбир бизда катта таассурот қолдирди, - дейди “Музаффар кулол” қўшма корхонаси иш бошқарувчиси Ш.Хўжаниёзов. Тадбирда божхона омборини ташкил қилиш тартиби, инвесторларни жалб этиш ҳамда экспортни ривожлантиришда мавжуд божхона имтиёзлари ҳақида тўлиқ маъмулот олдик. Биз тадбиркорлар билан ташкил этилаётган бу каби тадбирлар фаолиятимизни янада кенгайтиришда, янги лойиҳаларни амалиётга жорий этишда ва мавжуд муаммоларимизни жойида ечим топишида муҳим аҳамият касб этади.

Қизғин баҳс-мунозарага бой тарзда ташкил этилган очиқ мулоқотда божона хизматининг бугунги кундаги янги фаолияти, улар томонидан тадбиркорларга берилаётган амалий ва ҳуқуқий кўмак ҳамда божхона соҳасида тадбиркорлар учун яратилаётган янги имтиёзлар хусусида ҳам сўз юритилди.

Тадбир якунида инвестиция соҳасидаги ишларни янада такомиллаштиришга, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўйича зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқишга ҳамда Хоразм вилоятига хорижий инвесторларни жалб қилиш йўлидаги долзарб муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ҳам ишлаб чиқилди.

 

 

Хоразм вилояти божхона

бошқармаси

Ахборот хизмати

26.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг