Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ишчи гуруҳнинг навбатдаги ташрифи Жиззах вилоятига бўлди
1800
Жаҳон бозори стандартларига жавоб берадиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилиш бугун юртимизда энг асосий вазифа сифатида белгилаб қўйилган.
Ишчи гуруҳнинг навбатдаги ташрифи Жиззах вилоятига бўлди

Қолаверса, мазкур вазифалар ижросини таъминлаш, экспортёр ташкилотлар фаолиятида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси томонидан тузилган  Ишчи гуруҳининг навбатдаги ташрифи Жиззах вилоятига бўлди.

Дастлаб, вилоят божхона бошқармасининг мажлислар залида экспортёр корхоналар вакиллари, тадбиркорлик субъектлари, божхона расмийлаштируви мутахассислари, брокерлик фирма раҳбарлари, бошқарма шахсий таркиби иштирокида учрашув ташкил этилди.

Унда Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари, Ишчи гуруҳ раҳбари М.Салиев сўзга чиқиб, экспорт салоҳиятини ошириш, уни кенгайтириш, маҳаллий корхоналарнинг маҳсулотларини ташқи бозорга чиқаришда экспортёр корхоналар фаолиятида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш,  божхона соҳасида жорий этилаётган кенг қулайликлар, яқинда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини батафсил тушунтирган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда улар нархларини асоссиз равишда пасайтириб ёки ошириб кўрсатиш ҳолатларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Очиқ  мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда Ишчи гуруҳ томонидан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятида  учраётган  муаммолари тингланди. 

Хусусан, товарларни экспорт қилишда валюта маблағлари амалда келиб тушган бўлсада, айрим тижорат банклари ахборот тизимларида баъзан акс этмай қолиш ҳолатларининг кузатилаётганлиги, валюта тушумини суғурталашда полисни суғурта идораси томонидан расмийлаштириш жараёни чўзилиб кетаётганлиги, темир йўл харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш билан боғлиқ имтиёз хомашёларни импорт қилиш жараёнига ҳам татбиқ этилиши ёки этилмаслиги, товарларни экспорт қилишда божхона декларацияси “яшил йўлак”ка тушган ҳолларда пломбани автоулов юкхонасига қўйиш тартиби, хорижий ваколатли идоралар томонидан берилган мувофиқлик сертификатларини “Ўзстандарт” агентлиги томонидан тан олиниши билан боғлиқ масалалар кўтарилди.    

Ушбу масалалардан божхонага тегишли қисми жойида ҳал этилди, бошқа соҳаларга тегишли масалалар Давлат божхона қўмитаси томонидан мутасадди вазирлик ва идораларга мурожаат қилиш орқали ҳал қилиниши Ишчи гуруҳ томонидан маълум қилинди. 

Шундан сўнг, Ишчи гуруҳ экспортёр  корхоналар фаолиятини ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида  вилоятдаги йирик корхоналар, жумладан, “Jizzax Akkumlyator Zavodi” АЖ ва "Ashu Agro Industries" МЧЖ ҳамда “Paxtakor Teks” МЧЖ ларга  сайёр ташрифлар  уюштирди.

Иқтисодиётнинг барқарор ва юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолишнинг энг муҳим омилларидан бири бу мамлакат экспорт салоҳиятини юксалтириш ва миллий маҳсулотларнинг ташқи бозордаги рақобатбардошлигини оширишдир.

Бунда эса албатта тадбиркорларга ҳар томонлама ёрдам бериб, уларга енгилликлар, имтиёз ва  қулайликлар яратиш, энг муҳими тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимини ошириш жуда муҳим.

Бўлиб ўтган учрашув ва сайёр қабулларда ушбу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Жиззах вилоятида экспорт салоҳиятини янада ошириш ва ривожлантириш, божхона соҳасида ҳеч қандай муаммо юзага келмаслиги юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

1.06.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг