Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорлар билан самарали мулоқот ўтказилди
1448
Кейинги йилларда республикада тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Тадбиркорлар билан самарали мулоқот ўтказилди

Жумладан, божхона расмийлаштируви тартиб-тамойиллари соддалаштирилди ҳамда ҳалол тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизим тўлиқ жорий этилди.

Ҳозирги вақтда аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенгроқ ва фаол жалб этишга тўсқинлик қилувчи муаммоларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлар билан мулоқот қилишнинг амалий ва шаффоф тизимини яратиш мақсадида Самарқанд вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев Пастдарғом туманида фаолият юритаётган бир нечта корхоналарга ташриф буюрди.

Хусусан, “Massimo Lavaro” МЧЖ, “Maroqand kabel invest” МЧЖ, “Ҳасан Ҳусан илғор қурилиш” МЧЖ, “Пастдарғом саховати” МЧЖ корхоналарининг маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишиб, тадбиркорларни қийнаётган муаммолар, экспортга халақит қилаётган омиллар, божхона расмийлаштирувида қўлланилаётган имтиёзлар ҳамда сўнгги вақтда божхона соҳасида қабул қилинган ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида тушунчалар бериб ўтди.

Ўз навбатида корхона раҳбарлари ҳам божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан мамнунлигини, айниқса, Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизим ишга тушиши билан тадбиркорларнинг вақти тежалгани, иш самарадорлигини ошишига хизмат қилаётганини таъкидлаб ўтишди. Шунингдек, тадбикорлар ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилишди.

Жумладан, “Massimo Lavaro” МЧЖ раҳбари Р.Бахридинов ўзи ишлаб чиқараётган оёқ-кийим маҳсулотларини экспорт қилиш масаласида, “Maroqand kabel invest” МЧЖ раҳбари Ў.Аблаёров Хитойдан олиб келаётган юкларини ўз омборига тушуриши мумкинлиги, “Ҳасан-Ҳусан илғор қурилиш” МЧЖ раҳбари М.Ишонқулов бугунги кунда Жанубий Кореядан замонавий иссиқхона олиб келиб, ўрнатиш ишлари олиб борилаётганлигини, чет элдан уруғ, кўчат ва минерал ўғитлар олиб келинса, божхона имтиёзлари бор йўқлиги тўғрисида саволлар билан мурожаат қилишди.

Барча саволларга божхоначилар қонунчиликда белгиланган тартибда саволларга тўлиқ ва тушунарли жавоб қайтаришди.

Бу каби учрашувларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, амалда уларни қийнаётган муаммоларни жойида ечимини топиш, экспорт ҳажмини ошириш ва бу орқали эса давлатимиз  равнақига муносиб ҳисса қўшишдан иборатдир.

31.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг