Бу борада божхона органларида ҳам қатор тадбирлар амалга оширилмоқда, божхона фаолияти бўйича ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш натижасида ташқи иқтисодий фаолият субъектларига қулайликлар яратилмоқда. Божхона расмийлаштирувидаги тартиб-тамойиллар жаҳон андозаларига яқинлашмоқда.
Маълумки, барча ҳарбий касблар сингари божхоначилар учун ҳам навбатдаги унвонларга эга бўлиш қувончли ҳодиса ҳисобланади.
Шу муносабат билан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармасида ходимларга махсус унвон топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда 56 нафар ходимга биринчи ва навбатдаги унвонлар ҳамда 11 нафар Олий ҳарбий божхона институтини тамомлаган битирувчиларга хизмат гувоҳномалари топширилди.
– Бугун биз, ёш офицерларнинг қувончимиз чексиз, – дейди битирувчи Маматқулов Хўжаназар. – Бизни вояга етказган ота-оналаримизга, таълим-тарбия берган устозларимизга, барча шарт-шароитларни яратиб берган Президентимизга самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Хизмат фаолиятимизда халқимизнинг тинч-осуда ҳаётини асраш, эл-юртимизнинг моддий бойликларини ҳимоя қилиш йўлида бор куч ва имкониятимизни ишга соламиз.
Мамлакатимизда божхона органлари учун малакали кадрлар тайёрлашда Олий ҳарбий божхона институти муҳим ўрин тутади. Бу ерда таълим жараёни замонавий ахборот ва илғор педагогик технологияларни қўллаган ҳолда, давлат стандартлари асосида олиб борилмоқда.
– Ушбу сана хизмат фаолиятимдаги унутилмас кунлардан бири бўлди – менга навбатдаги махсус унвон топширилди. Шарафли ва масъулиятли касбимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибордан руҳланган ҳолда ҳарбий хизмат давомида янада шижоат ва ташаббус кўрсатишга, қўйилган топшириқларни сидқидилдан бажаришга бор билим ва кучимни сафарбар этаман, – дейди капитан Нодир Каримов.
Ушбу мазмундаги тадбирларнинг ўтказилиши божхона органлари ходимларининг ватанпарварлик туйғусини юксалтиришга, хизматни олиб боришда алоҳида масъулиятни ҳис этишга ёрдам беради.
Азизжон Абдулфаизов
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
25.07.2018