Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Навоийда сайёр қабул: муаммо, ечим ва натижа
1570
Бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда ислоҳотлар изчил равишда амалга ошириб келинмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад эса халқимиз учун қулай турмуш шароитини яратишдир.
Навоийда сайёр қабул: муаммо, ечим ва натижа

Бунда, давлат ташкилотлари билан аҳоли ўртасида доимий мулоқотни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади. Шу боисдан ҳам, Навоий вилояти божхона бошқармаси томонидан вилоятнинг барча ҳудудларида кенг жамоатчилик иштирокида сайёр учрашувларни ўтказиб бориш амалиёти йўлга қўйилган. Ташкил этиладиган сайёр учрашувларда эса асосий эътибор ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари фаолиятида мавжуд муаммоларни ўрганиш, товарлар экспортида божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш жараёнида яратилган қулайликлар билан уларни таништириш, шунингдек ҳар бир ҳудудга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасидаги ишларни жадаллаштиришга қаратилмоқда.

Бу каби сайёр учрашувларнинг навбатдагиси вилоятнинг олис Зарафшон шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Зарафшон шаҳар ҳокими А.Раджабов, Давлат божхона қўмитаси Раисининг ўринбосари Б.Раҳимов, Навоий вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б.Қутлимуратов, корхона ва ташкилот вакиллари, тадбиркорлар, хорижий инвесторлар иштирок этишди.

Тадбирни шаҳар ҳокими  А.Раджабов очиб бериб, ҳудуднинг экспорт салоҳияти ҳамда жорий йилда ўзлаштирилиши режалаштирилган инвестицион лойиҳалар ҳақида тўхталиб, сайёр учрашувни ташкил этишдан асосий мақсад тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар фаолиятида вужудга келаётган муаммолар ечимида амалий ёрдам кўрсатиш эканлигини таъкидлаб ўтди.

Сайёр учрашув давомида бир қатор тадбиркорларнинг мурожаати эшитилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли ташкилот вакилларига топшириқлар берилди.

Хусусан, “Golden straus”МЧЖ раҳбари А.Мансуров туяқуш боқишни йўлга қўйиш, “City Wifi”корхонаси раҳбари С.Умаров Зарафшон шаҳрида Wi-fi ҳудудларни ташкил этиш учун тижорат банкидан кредит ажратиш масаласида, фуқаро  Собир Тўқмуродов эса шаҳарда автомобилларга ёнилғи қуйиш шаҳобчасини қуриш учун ер майдони ажратилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат этди. Ушбу масалаларга қисқа фурсатларда ечим топиш мақсадида тижорат банклари ва шаҳар қурилиш бўлимига тегишли кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари, “Ametatekstil”ХК вакили Усмонов Шавкат томонидан корхонада тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги таъкидланиб, келгусида ишлаб чиқариш фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида чет давлатдан тўқимачилик асбоб-ускуналари импорт қилинганда, ушбу технологияларга нисбатан божхона тўловлари бўйича қандай имтиёзлар қўлланилишиши сўралди. Мазкур саволга жавобан, четдан олиб келинадиган тўқимачилик асбоб-ускуналарига 2013 йил
20 мартда Адлия вазирлигидан 2436-сон рақам билан рўйхатдан ўтган Қарорда келтирилган рўйхат асосида имтиёз берилиши айтиб ўтилди. Бунда, олиб келинган асбоб-ускуналар божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши учун улар янги ҳолатда бўлиши, яъни уларни «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига расмийлаштириш ушбу технологияларнинг ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ортиқ  бўлмаган муддатда амалга оширилиши лозимлиги алоҳида қайд этилди.

Расмиятчиликдан ҳоли, самимий тарзда ўтказилган ушбу сайёр учрашувда фуқаролар томонидан нафақат божхона, балки банк, солиқ тизими, шунингдек электр энергияси, табиий газ таъминотига оид бир қатор саволлар берилди. Тадбир давомида берилган барча саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

30.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг