Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Жартепа” чегара божхона пости ходимлари “Жайратепа” маҳалласида тадбир ўтказишди
2693
Ўзбекистон Республикаси “Ҳуқуқбузарлик профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг ижросини таъминлаш мақсадида “Жартепа” чегара божхона пости ходимлари Ургут тумани “Испанза” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли “Жайратепа” маҳалласида “Божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш тартиби” мавзусида давра суҳбати ўтказишди
“Жартепа” чегара божхона пости ходимлари “Жайратепа” маҳалласида тадбир ўтказишди

Тадбирни маҳалла раиси А.Амонов очиб бериб, кун тартибидаги масалаларнинг аҳамияти хусусида қисқача изоҳ бериб ўтди.

Шундан сўнг сўзга чиққан “Жартепа” чегара божхона пости ходими О.Эшмуродов ўз маърузасида “Жартепа” чегара божхона постининг очилиши ўзбек-тожик халқларига, ҳар иккала давлат фуқаролари учун бир-бирлари билан яқин қариндошлик ва қуда-андачилик муносабатларини қайта мустаҳкамлаш имконини берганлигини таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларини амалга оширишда янги марраларга эришилиши хусусида тўхталди.

Албатта қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида чераларимиз дахлсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва унинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

Маълумки, 2018 йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб кириш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 463-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Қарор билан жисмоний шахслар томонидан ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари тасдиқланди. Рўйхатдан асосан 20 турдаги маиший техника буюмлари ва офис техникалари жой олган бўлиб, эндиликда уларни 1 календарь ойида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб ўтилиши мумкинлиги маҳалла фаолларига тушунтириб ўтилди.

Шундан сўнг “Жартепа” чегара божхона пости катта инспектори Ф.Қурбонов йиғилиш иштирокчиларига божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, бундай турдаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш юзасидан божхона ходимлари томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида ахборот бериб ўтди.

Давра суҳбатида кун тартибидаги мавзу юзасидан маҳалла фаолларининг фикр-мулоҳазалари тингланди ҳамда уларнинг қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

Тадбир якунида яна бир бор фуқароларга божхона соҳаси билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволлари бўлса бошқарманинг 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

Бу каби профилактика тадбирларни пост ходимлари Ургут туманининг “Ўзбекистон” МФЙда ҳамда Булунғур туман “Булунғур” маҳалласида ҳам ўтказишди.

  

Самарқанд вилояти божхона

бошқармаси ахборот хизмати

 

 

25.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг