Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитасида журналистлар учун матбуот анжумани ташкил қилинди
2180
Маълумки жорий йилнинг 22 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя асосида давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим масалалар бўйича 2019 йил май-июнь ойларида ўтказиладиган матбуот анжуманлари режаси тасдиқланди.
Давлат божхона қўмитасида журналистлар учун матбуот анжумани ташкил қилинди

Мазкур режага асосан 2019 йил 29 май куни Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасида “Божхона органларида жорий этилган ахборот-коммуникация технологиялари ва интерактив хизматларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги аҳамияти” мавзусида матбуот анжумани ташкил қилинди.

Унда журналистлар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда бир қатор тадбиркорллик субъектлари вакиллари иштирок қилди.

Йиғилганларга Давлат божхона қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари Анвар Асамов ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар тўғрисида батафсил ахборот берди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизнинг жадал тараққиётини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодиётни либераллаштириш ва диверсификациялаш доирасида тадбиркорлик субъектлари учун кенг эркинликлар яратиш ва ташқи савдо операцияларини енгиллаштириш масалаларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш билан бевосита боғлик.

Шу боисдан ҳам давлат божхона хизмати органлари фаолиятига идоралараро ахборот-тизимлари ва интерактив хизматларни жорий этиш ҳамиша кун тартибидаги энг муҳим масалалар сирасига киради.

Жумладан, бугунги кунда тадбиркорлар учун экспорт-импорт операцияларида талаб этиладиган ҳужжатлар, божхона назорати ва расмийлаштируви учун сарфланадиган вақт ҳамда тадбиркорлар маблағларини тежаш мақсадида  божхона органлари билан боғлиқ жараёнлар тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Бунинг учун юк божхона чегарасига кириб келишидан токи божхона расмийлаштируви тугаллангангунга қадар жараённи ўз ичига қамраб олган 51 та автоматлаштирилган ахборот тизимлари ва 14 та электрон интерактив хизматлар амалиётга жорий этилган.

Эндиликда тадбиркорлик субъектлари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 июлдаги “Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” 605-сонли қарорига асосан бевосита ўзлари томонидан, брокерларга мурожаат этмасдан, декларацияларни божхона органларига тақдим этишлари, уларни  автоматик рўйхатга олишлари ва тақсимлашлари мумкин. Натижада, бунинг учун шу пайтга қадар сарфланган вақт ҳозирга келиб, ўртача 30 мартага қисқарди.

2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб, божхона расмийлаштируви жараёнига тўлақонли равишда жалб этилган “Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими” эса эндиликда фақат хавф аниқланган товарларнигина божхона кўригидан ўтказиш, хавф гуруҳига тушмайдиган товарларни эса божхона кўригисиз расмийлаштириш имкониятини бермоқда.

Натижада, 2019 йилнинг ўтган даврида экспорт режимида 82% ҳамда импорт режимида 59 % божхона юк декларациялари божхона кўрикларини ўтказмаган ҳолда соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди.

Эндиликда тадбиркорлар ва ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) қатнашчилари божхона тўловларини банк идораларига бормасдан ва ўз офисларидан чиқмасдан туриб, қисқа вақт ичида ва қулай усулларда тўлаш имкониятлари жорий қилинди. Яъни, божхона тўловларини Click, PAYME ёки UPAY тўлов тизимлари орқали амалга ошириш имконияти йўлга қўйилди.

Шунингдек, тадбиркорлар ва фуқароларнинг мурожаатлари, таклифлари ва муаммоларини зудлик билан кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида, ДБҚ марказий аппаратида 11-08 қисқа рақамли “Call Марказ” ишга туширилди. Мазкур тизим орқали жорий йил давомида 300 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди ва уларга батафсил жавоблар берилди.

Давлат божхона қўмитаси томонидан амалиётга жорий этилган интерактив хизматлар тадбиркорларга бир қанча қулайликлар тақдим этади ва асосан вақтни тежаш, қоғоз харажатларини камайтириш, божхона органларига бормасдан ўз иш жойларидан интернет орқали керакли маълумотларни олиш ҳамда расмийлаштириш имконини беради.

“Божхона тўловлари бўйича солиштирув далолатномасини шакллантириш” интерактив хизмати ТИФ қатнашчиларига божхона тўловлари бўйича солиштирма далолатномаларини ўз иш жойларида ўтириб божхона органларига ташриф буюрмасдан, ортиқча қоғоз харажатлари ва вақтларини сарф қилмасдан, он-лайн тарзда реал вақт мабойнида PDF форматида юклаб олиш имкониятини беради.

 “Авто” ҳамда “Темир йўл” интерактив хизматлари орқали тадбиркорлар автотранспорт воситаси ёки темир йўл вагонлари рақамини киритиш орқали унинг қайси божхона пости орқали Ўзбекистон Республикаси худудига кирганлиги, кириш санаси, қайси ТИФ постига етиб борганлиги, кириш ва чиқиш санаси ҳамда юкни етказиб бериш назорат китобчаси рақами ҳақидаги маълумотларга эга бўлишлари мумкин. Ушбу қулайликдан тадбиркорлар 2018 йилда 255 184 марта ҳамда 2019 йилнинг ўтган даврида 172 668 марта фойдаланишган.

Интерактив хизматлар ва ДБҚ веб-сайтида яратилган қулайликлардан фойдаланиш мутлақо бепул бўлиб, кечаю-кундуз куннинг ихтиёрий вақтида фойдаланишга мўлжалланган. Ҳозирда веб-сайт орқали ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун фойдали бўлган бир қатор ахборотларни тақдим этиш йўлга қўйилди.

Масалан, эндиликда ҳар ойда республикамизнинг чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган автотранспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувига сарфланган ўртача вақти таҳлили божхона постлари ва автотранспорт турлари (енгил ва юк автотранспорт воситалари, автобуслар) кесимида эълон қилиб борилмоқда.

2019 йил апрель ойи таҳлилларига кўра, республикамизнинг чегара-божхона постлари орқали умумий ҳисобда 120 минг 564 та автотранспорт воситалари ҳаракатланган бўлиб, уларнинг божхона расмийлаштируви учун ўртача 23 дақиқа 39 сония сарфаланган.

Бундан ташқари, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан товар ва транспорт воситаларининг экспорти ва импортида божхона расмийлаштируви учун сарфланган ўртача вақт ҳақида божхона постлари кесимида ҳам ҳар ойда маълумотлар эълон қилиб келинмоқда.

Масалан, 2019 йил апрель ойи якунларига кўра, товарларни "экспорт" божхона режимига расмийлаштириш учун сарфланган вақт бўйича республикамиздаги 53 та ташқи иқтисодий фаолият  (ТИФ) божхона постлари орасида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси “Самарқанд” ТИФ божхона пости етакчилик қилмоқда. Бу ерда экспорт божхона юк декларацияларини расмийлаштириш учун ўртача 17 дақиқа 47 сония сарфланган.

Товарларни "импорт" божхона режимига расмийлаштириш учун сарфланган вақт бўйича Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Бекобод” ТИФ божхона пости етакчилик қилмоқда. Бу ерда импорт божхона юк декларацияларини расмийлаштириш учун ўртача 50 дақиқа 24 сония сарфланган.

Тадбиркорлик субъектларига мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини амалга оширишда қулайликлар яратиш мақсадида 2019 йил 10 майдан бошлаб, Ўзбекистондан экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотлари тўғрисида ДБҚ расмий-веб сайти орқали интерактив маълумотлар тақдим этиш йўлга қўйилди.

Эндиликда тадбиркорлар http://ed1.customs.uz/selhoz/ ҳаволаси орқали республикамизнинг қайси ҳудудидан, қайси турдаги транспорт воситасида қайси мамлакатларга қанча миқдорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинганини реал вақт оралиғида онлайн тарзида кузатиб боришлари мумкин.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, Давлат божхона қўмитаси томонидан келгусида “Ягона дарча”, “Ваколатли иқтисодий операторлар реестри”, “Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри” каби  10 дан ортиқ ахборот тизимлари ҳамда “Божхона тўловлари бўйича солиштирув далолатномалари” интерактив хизматининг мобил талқини, автотранспорт воситаларини Давлат чегараси орқали ўтишда навбатларни бошқариш электрон тизимини жорий этиш устида ишлар олиб борилмоқда.

Тадбирда журналистларга давлат божхона хизмати органларини жаҳон амалиётида кенг қўлланилаётган божхона назоратининг замонавий техник воситалари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам батафсил ахборотлар берилди.

Ҳозирда республикамиздаги чегара ва темир йўл божхона постлари орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари ҳамда темир йўл составларини божхона назоратидан ўтказиш вақтини қисқартириш мақсадида республикамиз божхона постлари босқичма – босқич инспекцион кўрик мажмуалари билан таъминлаб келинмоқда ва бугунги кунда 17 та божхона постлари 19 комплект инспекцион кўрик мажмуалари билан таъминланган.

Биргина 2019 йилда “Бекобод”, “Сариосиё” ҳамда “Хўжадавлат” темир йўл чегара божхона постларига худди шундай инспекцион кўрик мажмуалари ўрнатилди. Ушбу мажмуалар 4-5 соат давом этадиган божхона кўригини  3-4 дақиқада амалга ошириш имконини бериш билан бирга контрабанда ашёлари ҳамда товарларни ноқонуний ҳаракатига чек қўйишга ҳам хизмат қилади.

Хусусан, 2019 йилнинг 4 ой давомида ушбу техник воситалар кўмагида 21 та божхона қоидабузилиш ҳолатлари аниқланиб, ноқонуний олиб ўтилаётган салкам 2.2 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлар тўхтатиб қолинди.

Божхона постларида фуқароларнинг қўл-юкларини қисқа муддатларда назоратдан ўтказиш учун 2019 йилда 39 дона янги замонавий рентген аппаратлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 219 тага етди. Шунингдек, оммавий қирғин қуроллари ва радиоактив моддалар республикамизга киришининг олдини олиш мақсадида 127 комплект радиация портал мониторлари ишлаб турибди.

Чегара божхона постларидаги тирбандликлар, постлар фаолиятини реал-вақт оралиғида таҳлил қилиш мақсадида Давлат божхона қўмитасида видеокузатув мониторинг маркази ишга туширилиб, унга 115 та божхона объектларидаги 1746 дона кузатув камералари уланган.

Шунигдек, республиканинг жами 340 та божхона омборларидан 207 тасида мавжуд 1372 дона кузатув камераларини ДБҚ марказий аппаратига уланиши таъминланди. Натижада кунлик навбатчилар томонидан республика миқёсидаги барча божхона постлари ва бошқармалари фаолияти кузатиб борилиб, амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Ҳозирда И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида йўловчиларни божхона назоратидан қисқа фурсатда ва самарали тарзда ўтказиш мақсадида инсон танасини сканер қилувчи қурилмалар ўрнатилиб, синовдан ўтказилмоқда. Белоруссиядан келтирилган мазкур техник воситалари ўрнатилганидан сўнг 1 ҳафта муддат ичидаёқ 6 та божхона қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, 377 млн. сўм қийматдаги товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилиши олди олинганлиги мазкур лойиҳанинг истиқболли эканлигини кўрсатмоқда.

Айни пайтда Тошкент вилояти божхона бошқармасининг  “Ғишткўприк” чегара-божхона постида “Автотранспорт воситалари давлат рақамларини аниқлаш” тизими вақтинчалик синовдан ўтказилмоқда. Мазкур тизим автотранспорт воситаларининг чегара божхона постидан ўтиш вақтини назорат қилиш ва беҳуда ушланиб қолишининг олдини олишга хизмат қилиб, унинг самарадорлиги ўртача 95,6 % ни ташкил этмоқда.

Анжуман давомида журналистлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Ҳусан Тангриев,

ДБҚ Ахборот хизмати бош инспектори

29.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг