Афсуски, аҳолига яратилаётган қулайликлардан мўмай даромад олиш илинжида эгри йўлларни мақсад қилган шахслар ҳам учраб турибди. Бундай қинғир йўллар билан сифати кафолатланмаган маҳсулотларни ноқонуний олиб кирилишига божхона органлари томонидан ўз вақтида чек қўйилмоқда.
Хусусан, Наманган вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Наманаган вилоятининг қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудудидан Наманган шаҳри томон ҳаракатланаётган фуқаролар Н.Н. ва Б.Т.лар бошқарувида бўлган 2 та “Дамас” русумли автомашиналар тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Ҳар икки автомашина салонларида хорижда ишлаб чиқарилган ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 10 дона “GREE” маркали кондиционерларнинг 8,55 млн. сўмлик ташқи агрегатлари борлиги аниқланган.
Олиб борилган қўшимча тезкор тадбир давомида мазкур ҳолат бўйича фуқаро Н.Н.нинг кўрсатмасига кўра фукаро Т.З.га тегишли бўлган, Наманган шаҳрида жойлашган яшаш хонадони атрофи холислар иштирокида кўздан кечирилганида, ушбу хонадон орқа томонидаги боғдан хорижда ишлаб чиқарилган ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 31 дона кондиционер ҳамда 2 дона музлатгич маҳсулотлари Ўзбекистон Республикасига қўшни давлатдан ноқонуний равишда айланма йўллар орқали олиб ўтилганлиги аниқланди.
Тадбир давомида ноқонуний йўллар билан республикамизга олиб кирилган 58,5 млн. сўмлик кондиционер ва музлатгич маҳсулотлари ашёвий далиллар сифатида вақтинча сақловга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Наманган вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати
25.07.2018