Табиийки. юртимизга кириб келаётганларнинг ҳар бирининг ўз мақсади бор. Кимдир оиласи бағрига шошади, кимдир хизмат юзасидан сафарга келган. Уларнинг барчаси тезроқ манзилга етиш умидида божхонадан имкон қадар қисқа муддатда ўтишни исташади. Аммо, бу “шошқалоқлик” баъзи-баъзида панд бериши турган гап!
Масалан, қўшни давлат фуқароси С.Асамбек юртимизга кириш чоғида, ушбу пост пештахталарига жойлаштирилган божхона қоидалари билан танишиб чиққанда эди, юртимизга беҳаё мазмундаги материалларни олиб кириш таъқиқланганини билган бўлар эди. Шу сабаб, юртимизга қадам босиш олдидан нафақат ниятини, балки телефонини ҳам “тозалаб” олганида, божхонадан бемалол ўтиб кетиши аниқ эди.
Аммо, ундай бўлмади. Ушбу шахснинг қўл телефони қўздан кечирилганида, унда 47 дона беҳаё мазмундаги видеолар жамлангани маълум бўлди.
Ушбу пост орқали кириб келган С.Золотовнинг қўл телефонига эса 96 дона беҳаё мазмундаги видео файллар юклангани фош бўлди.
Бу борада пойтахтлик Н.Турсунов ҳам ортда қолишмас экан. Қаранг-ки, қўшни давлатдан кириб келаётган ушбу шахс шу пайтга қадар қўл телефонида 154 та беҳаё видеоларни “кўтариб” юрган.
Қўл телефони хотирасидан 232 та беҳаё видеоларга “жой ажратган” Ж.Саъдиев ҳам мазкур комплекси орқали кириб келар экан, божхоначилар қаршисида ер чизиб қолди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда, яна бир жиҳат. Юқорида тилга олинган қоидабузарлар эҳтимол, атайлаб беҳаё мазмундаги материалларни Ўзбекистонга олиб кириш ва тарқатишдек ғаразли ўй-ниятни кўзлашмагандир. Аммо, қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмаслиги муқаррар.
Демоқчи бўлганимиз, шунчаки қизиқиш, кўнгилнинг эгри истакларига майл билдириш қимматга тушмасин!
Таъкидлаш жоизки, ўтган 2017 йилдан шу кунга қадар Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 708 та ҳолатларда 13783 дона турли шаклдаги беҳаё мазмундаги материалларнинг олиб кирилиши олди олинди.
Эслатиб ўтамиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотлар рақобатдошлигини таъминлаш ва экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 15 декабрдаги ПФ-5286-сон Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси худудига порнографик мазмундаги материалларни олиб кириш тақиқланган.
Тошкент вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
27.02.2018