Ташриф доирасида делегация аъзолари афғон бозорларида Ўзбекистон товарлари ва хизматлари кўрсаткич даражаларини янада ошириш мақсадида, “Termez cargo centre” МЧЖ ҳудудида ташкил этилган ўзбек-афғон “бизнес-форуми”да иштирок этишди.
Тадбир иштирокчилари божхона ва темир йўл логистикасига ҳам алоҳида қизиқиш билдириб, “Ғалаба” темир йўл станциясида юкларни божхонада ва темир йўлда расмийлаштириш тартиби билан қизиқишди.
2019 йилнинг 23 май куни Афғонистон Ислом Республикаси Саноат ва савдо вазири ўринбосари Мукаддаса Юриш бошчилигидаги делегация аъзолари “Ғалаба” темир йўл станцияси фаолияти билан яқиндан танишишди.
Ташриф доирасида икки томоннинг божхона ва транспорт логистикаси хизматлари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу муҳокомада Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазири ўринбосари Б.Абидов, Давлат божхона қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари А.Асамов, “Sogdiana trans” шўъба корхонаси директори Ж.Тўйчиев, Термиз минтақавий темир йўл узели бошлиқ ўринбосари Ф.Гиясов ҳамда ТИВ масъул ходимлари қатнашиб, меҳмонларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб қатаришди.
Хусусан, Давлат божхона қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари А.Асамов темир йўл орқали ҳаракатланаётган ва Афғонистон Ислом давлатига ўтаётган юк вагонлари “Ғалаба” темир йўл чегара божхона постига ўрнатилган “Rapiscan Eagle R60” русумли мобил инспекцион-текширув қурилмаси орқали сканердан ўтказилиши, ушбу замонавий техника воситалари ишга туширилгандан кейин тадбиркорларнинг божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақт ва маблағлари тежалганлиги алоҳида таъкидланди.
Хусусан Ўзбекистон Республикаси орқали Афғонистон Ислом Республикасига ўтаётган темир йўл составлари божхона кўриги ва расмийлаштируви жараёни онлайн тарзда электрон ҳужжат расмийлаштируви орқали амалга оширилиши натижасида, ҳар куни 100-150 та темир йўл вагонлари ўтказилиши тўғрисида маълумотлар берилди.
Шундан сўнг барча тадбир иштирокчилари Термиз туманидаги афғон ўқув марказида ташкил этилган бизнес форумда иштирок этишди. Ушбу ўтказилаётган форум ҳар иккала мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти ва фаровонлигига хизмат қилиши аниқ.
24.05.2019