Маълумки, 2019 йил 31 март куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати делегацияси Афғонистон Ислом Республикасига амалий ташриф билан бўлган эди. Ушбу ташриф чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Афғонистон иқтисодий блокининг вазирлик ва идоралари раҳбар ва вакилликларининг алоҳида учрашувлари ўтказилди. Уларда ҳамкорлик кўламини янада ошириш, ўзаро савдога шиддат бериш ва йирик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олинган эди. Ташриф натижаларига кўра “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Тасдиқланган Йўл харитасига кўра, давлатимизни Афғонистон билан географик жойлашув жиҳатидан яқинлиги ва транспорт-логистика йўналишидаги ҳамкорлигидан келиб чиқиб, афғон бозорларида Ўзбекистон товарлари ва хизматлари кўрсаткич даражаларини янада ошириш мақсадида, “Termez cargo centre” МЧЖ ҳудудида чегара эркин савдо зонаси ташкил этилди. Афғон тадбиркорлари иштирокида жорий йил 22-24 май кунлари ўтказилаётган ўзбек-афғон “бизнез-форуми”га қизғин паллага кирди. Мазкур “бизнес-форум”га республикамизнинг йирик ишлаб чиқарувчи корхоналари жумладан, “Ўзавтосаноат” АК, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзтўқимачиликсаноат” АЖ, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” АЖ лари ҳамда юқори хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўзларининг маҳсулотлари ва хизматлари билан ташриф буюрмоқдалар.
Кўргазмада таклиф этилаётган товарлар экспорт-импортини амалга оширишда тадбиркорларга божхона тартиб-таомиллари тўғрисида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан амалий ёрдам ишлари олиб борилади. Бунинг учун мазкур “бизнес-форум”да божхона хизмати бурчаги ҳам ташкил этилди.
Ўйлаймизки, бу каби ташкил этилаётган “бизнес-форум”лар мамлакатимизда экспорт ҳажмини янада ошириш, маҳаллий тадбиркорларнинг товарларини дунё бозорларига чиқаришда яқиндан кўмак бериш, чет эл инвестицияларини кенг жалб қилишда ниҳоятда аҳамиятлидир.
23.05.2019