Негаки, ҳозирги кунда давлатимиз томонидан тадбиркорларга жуда кўплаб имкониятлар, енгилликлар, солиқ ва божхона тизимида имтиёзлар берилмоқда. Бу эса ўз навбатида кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши ҳамда чет эл инвестициялари асосида янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилиши, бунинг натижасида эса аҳолининг бандлиги таъминланиб, фаровон ҳаёт кечиришига замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарор ва Фармонлари билан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, чет эл инвестицияларини республикамизга кириб келишини янада жадаллаштириш, улар учун қулай инвестиция муҳитини янада яхшилаш, импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ҳамда экспортни диверсификация қилинишини таъминлаш мақсадида импортда божхона тўловларидан имтиёзларни назарда тутувчи бир қатор қонуности ҳужжатлари қабул қилинмоқда.
Шу боис, соҳага оид янги ҳужжатларни ва берилаётган имкониятларни фуқаролар ҳамда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига етказиш, мавжуд муаммоларни ўрганиш, уларга ечим топиш мақсадида Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ташаббуси билан сайёр учрашув ўтказилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспорт билан шуғулланувчи ТИФ қатнашчиларига қулайликлар яратиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган учрашувда шаҳар ҳокимияти, прокуратура, вилоят адлия бошқармаси ҳамда савдо-саноат палатаси вакиллари, тадбиркорлар иштирок этишди.
Дастлаб йиғилганларга соҳага оид янгиликлар ва қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, уларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг ижроси кенг тушунтириб ўтилди. Шундан сўнг тадбиркорларнинг фаолиятида учраётган баъзи бир муаммоли вазиятлар юзасидан савол-жавоб тарзида мулоқот бўлиб ўтди. Бу орқали эса улар ўзларига керакли бўлган маълумот ва тушунчаларга эга бўлишди.
22.05.2019