Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупция: муаммо ва ечим йўллари
1947
Ҳар биримиз ҳеч бўлмаганда бир марта коррупция, унинг салбий оқибатлари ҳақида телевидения, радио, газетада ёки турли хил йиғилишлар, давра суҳбатларида эшитганмиз. Коррупция сўзи қайси тилдан олингани-ю, у нима маънони англатиши ҳақида барчамизда дастлабки тушунчалар бор.
Коррупция: муаммо ва ечим йўллари

Коррупция, халқ тили билан оддийгина қилиб айтганда порахўрликни пуллик хизмат кўрсатиш сифатида қабул қилиш ҳам мумкин. Бошқа хизматлардан фарқи унинг ноқонунийлиги ва аксарият ҳолларда давлат хизматчиси томонидан амалга оширилишида. Хўш, бундай ноқонуний хизматлар нима сабабдан пайдо бўлади. Унинг жамиятда кенг илдиз отишига қандай омиллар туртки бўлади. Келинг, шу ҳақида фикр юритамиз.

Аввало шуни айтиб ўтиш лозимки, жамиятни бутунлай коррупциядан тозалашнинг деярли имкони йўқ. Фақат уни энг қуйи даражагача тушириш мумкин. Чунки, коррупция даражаси бўйича барчага ўрнак қилиб кўрсатиладиган скандинавия давлатлари ҳам порахўрликдан буткул холи деб бўлмайди.

Энди асосий масалага ўтсак. Хўш, коррупция нима сабабдан келиб чиқади. Унга қарши самарали кураш олиб бориш, коррупциядан холи жамият барпо этиш учун нималар қилиш керак.

Шу пайтга қадар дунёдаги юзлаб экспертлар, олимлар томонидан коррупция назарияси ўрганилган, у ҳақида миллионлаб рисолалар яратилган. Ҳатто коррупцияга қарши курашиш формулалари ўйлаб топилган. Шунинг учун ҳам, коррупциянинг келиб чиқиш сабаблари сифатида жуда кўплаб фаразлар мавжуд. Қуйида биз уларнинг энг асосийларига тўхталиб ўтамиз:

Икки хил маънони англатувчи қонунлар — ушбу вазият ҳуқуқни қўлловчи мансабдор шахс томонидан қонунларни турлича қўллаш имконини яратади. Шунингдек, айрим мутахассислар жиноят маъмурий қонунчиликдаги айрим санкцияларни ҳам коррупцияга қулай шароит яратиши мумкинлиги ҳақида фикр юритишган.

Аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги — аҳоли томонидан қонунларни билмаслик ёки тушунмаслик мансабдор шахсга ўзининг шахсий манфаати йўлида қонунлардан фойдаланишга қулай шароит яратади.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки коррупцияга фақат молиявий маблағлар, дейлик давлат хизматчисига юқори ойлик маош бериш орқали барҳам беришнинг имкони йўқ. Агар шундай бўлганида эди, бугунги кунда энг ривожланган давлатлар коррупциядан буткул фориғ бўлишлари керак эди. Шу билан бирга, коррупцияга қарши ўта шафқатсизларча курашиб ҳам тўлиқ муваффақиятга эришиб бўлмайди. Буни Хитой мисолида кўришимиз мумкин.

Шундай экан, коррупцияга қарши самарали курашиш йўлларини унинг келиб чиқишига сабаб бўладиган юқоридаги омиллардан келиб чиққан ҳолда белгилаш мантиқан тўғри бўлади деб ўйлаймиз. Жумладан:

  1. Мавжуд қонунчилик базаси доимий равишда такомиллаштирилиб борилиши, бунда меъёрий-ҳужжат нормалари шаффоф, содда ва аниқ бўлиши лозим.
  2. Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш,аҳоли билан самарали профилактик тадбирлар ташкил этиб борилиши лозим. Токи жамиятнинг ҳар бир аъзосида коррупцияга қарши иммунитет шаклланмас экан, унга қарши курашиш ҳеч қандай самара бермайди.
  3. Барча соҳаларда давлат бошқарувини либераллаштириш, ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомилаштириш лозим. Бунда замонавий ахборот коммуникация технологияларини кенг қўллаш орқали тизим шаффофлигини ошириш имкони пайдо бўлади.

Мухтасар қилиб айтганда, коррупцияга коррупция қарши, комплекс равишда, пухта ишлаб чиқилган дастур орқали курашиш лозим. Акс ҳолда исталган давлат ёки жамиятни инқирозга юз тутишига сабаб бўлиши мумкин.

21.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг