Зеро, инвестиция – бу ҳар қандай давлатда иқтисодиёт ривожланишининг асосий устунларидан бири, десак адашмаган бўламиз.
Бу борада, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури доирасида ҳудудда амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида, Нукус шаҳрида жойлашган Ёшлар марказида ОАВ вакиллари учун қатор мутасадди ташкилотлар ҳамда давлат бошқаруви органларининг матбуот хизмати ходимлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Дастлаб, Қорақалпоғистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг бўлим бошлиғи Б.Байманов сўзга чиқиб, ҳозирги кунда чет эл инвестицияларини Қорақалпоғистон Республикасига жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, бу борада юртимизнинг чет давлатлардаги элчилари томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдам ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестиция лойиҳалари ҳақида аниқ рақамлар мисолида маълумотлар берди.
Хусусан, ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Т.Ерниязов Жанубий Кореа давлатида, Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Р.Сариев бошчилигидаги делегация эса Хитой Халқ Республикасида сафарда бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасига тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш бўйича бир қатор истиқболли лойиҳаларни ўрганилаётганлиги ва хорижий сармоядорлар билан музокаралар олиб борилаётганлигига алоҳида урғу бериб ўтди.
Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Б.Ильясов сўзга чиқиб, ўтган давр мобайнида халқнинг бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталди. Кун тартибидаги яна бир масала юзасидан Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Қ.Азербаев эса ўз маърузасида, аҳолини тадбиркорликка янада фаол жалб қилиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш бўйича қилинаётган амалий ишлар ҳақида маълум қилди.
Анжуман қизғин мулоҳазалар майдонига айланиб, матбуот ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутасаддилари томонидан атрофлича жавоб олдилар.
Тадбир сўнгида, Нукус шаҳрида жойлашган “Global Food Impex”масъулияти чекланган жамиятига қарашли мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қадоқлаш, сақлаш ва логистика марказига медиа-тур уюштирилди. Мазкур корхонада чет эл технологиялари асосида гидропоника усулида помидор маҳсулотини етиштиришга мўлжалланган иссиқхона комплекси фаолияти билан яқиндан танишув, анжуман иштирокчиларининг алоҳида эътирофи ва қизиқишига сазовор бўлди.
20.05.2019