Энг ачинарлиси, ўз манфаатини давлат ва халқ манфаатидан юқори қўйиб, ноқонуний бойлик орттириш - давлатнинг иқтисодий ривожланишига тўғридан-тўғри салбий таъсир кўрсатувчи хавфли иллатлардан бири саналади. Шундай экан, юртимизда ҳам бу каби ёмон иллатларга қарши курашиш бўйича давлат органлари томонидан кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси шахсий таркиби ўртасида коррупция, тамагирлик ва мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш каби салбий ҳолатлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган профилактик мазмундаги йиғилиш бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Қорақалпоғистон Республикаси бўлинмаси бош мутахассиси Асқар Абатов иштирок этди.
А.Абатов ўз маърузасида, кундалик турмушимизда учрайдиган коррупциянинг ҳар хил кўринишлари ҳақида ҳаётий мисоллар асосида тушунчалар берди.
Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш мақсадида дунёнинг кўплаб давлатларида ҳар хил кўринишдаги чоралар кўрилиши, хусусан Филиппин давлатида ишчи ходимларнинг ойлик маошларини икки барабар кўтарилган экан. Лекин, тамагирликка йўл қўйган ходимларга нисбатан тўққиз барабар кўпроқ жарима ва бор мол-мулкини мусодара қилиш чоралари қўлланилганиши айтиб ўтилди. Натижада, ҳалол меҳнат орқасидан даромад топган ишчилар тамагирликка қўл урган фуқароларга нисбатан яхшироқ турмуш кечиради.
Шу билан бирга, бугунги кунда бу йўналишда юртимизда ҳам қонунчилик такомиллаштирилиб, давлат идораларида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
20.05.2019