Қорақалпоқ Давлат университетининг тарих ва юридик факультетининг бир гуруҳ талабалари ҳам божхона соҳасида эришилаётган натижалар ва бу йўлда қилинган ишлар, умумий қилиб айтганда божхона иши ҳақида тасаввурга эга бўлиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида ташкил қилинган учрашувда иштирок этишди.
Учрашувда, бошқарманинг мутасадди ходимлари томонидан божхона хизматининг шаклланиш тарихи, божхона постларининг турлари ва уларда амалга ошириладиган божхона назоратининг шакллари, божхона органларига белгилаб берилган вазифалар ва уларнинг ижроси, божхона органларида хизмат қилиш истаги бўлган номзодларни хизматга қабул қилиш тартиби ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, божхона соҳасида қабул қилинаётган янги норматив-ҳужжатларнинг мазмун моҳияти талабаларга атрофлича тушунтирилди. Шу билан бирга, божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, белгиланган тартиб-қоидалар тўғрисида кўргазмали видеороликлар намойиш этилди.
Тадбир давомида, талабалар “Нукус” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости фаолияти билан яқиндан танишиб, постда амалга оширилаётган божхона назорати жараёнларини ўз кўзлари билан кўриб, божхона иши ҳақида кенг тасаввурга эга бўлишди.
Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олишди.
20.05.2019