Сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш борасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.
Самарқанд педагогика коллежида Самарқанд вилояти божхоначилари томонидан ўтказилган ўқув-семинарда жорий йилнинг 9 январь куни Президентимиз томонидан “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганлиги ҳамда божхона қонунчилигида бўлаётган янгиликларга эътибор қаратилди.
Унда вилоятнинг туман ва шаҳарлардан ташриф буюрган маҳалла фаоллари йиғини раисларига бошқарманинг Юридик хизмат гуруҳи ходимлари Б.Исаков ва Ғ.Мавлоновлар юқоридаги фармоннинг мазмун-моҳияти, маҳаллаларда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги етишмаслиги туфайли содир этилаётган салбий ҳолатлар, қонунбузулишлар ҳамда божхона чегаралари орқали ҳаракатланаётган йўловчилар томонидан товарларни олиб кириш ва олиб чиқиш нормалари тўғрисида батафсил тўхталиб ўтишди.
Фармонда жамиятда яшаётган ҳар бир инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳамда унинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ўзаро ҳурмат муносабатини шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини янада оширишга тўсқинлик қилаётган бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги қайд этиб ўтилган.
Таъкидланганидек, аввало ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда оила, маҳалла ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштироки муҳим аҳамиятга эга.
Фармонда ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги белгиланди.
Маърузалардан сўнг коллежнинг Ўқув-методик ва ташкилий масалалар бўлими бошлиғи Д.Исмоилов сўзга чиқиб, маҳалла раисларини ушбу масалалар юзасидан тарғибот ишларини олиб боришга чақирди.
16.05.2019