Аммо, аҳолига яратилаётган қулайликлардан мўмай даромад олиш илинжида эгри йўлларни мақсад қилган шахслар ҳам учраб турибди. Бундай қинғир йўллар билан сифати кафолатланмаган уяли телефон аппаратларини ноқонуний олиб кирилишига, божхона органлари томонидан ўз вақтида чек қўйилмоқда.
Хусусан, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона вилоятининг қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудудидан Фарғона шаҳри томон ҳаракатланаётган фуқаро Ш.Т. бошқарувида бўлган “Ласетти” русумли, автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада ушбу автомашина салонида божхона назорати ўрнатилмаган айланма йўллар орқали олиб кирилган, хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 12 миллион сўмдан ортиқ 2 турдаги жами 9 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди.
Олиб борилган қўшимча тезкор тадбирда, ушбу уяли алоқа воситаларини Фарғона шаҳар Шифокорлар кўчасида жойлашган UMS шахобчасида ишловчи фуқародан сотиб олганлиги маълум бўлди. Шундан сўнг UMS шахобчаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, шахобчанинг турли жойларига беркитиб қўйилган муқаддам божхона назорати ўрнатилмаган айланма йўллар орқали олиб кирилган, хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 74 мил. 200 минг сўмлик 13 турдаги жами 47 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди.
Олиб борилган тезкор тадбир давомида умумий қиймати 86 миллион 400минг сўмлик жами 56 дона уяли алоқа воситалари ашёвий далиллар тариқасида вақтинча сақловга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Фарғона вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати ходими
24.07.2018