Бугунги кунда “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” тамойили асосида фуқароларимиз учун барча жабҳаларда, жумладан чегаралар орқали ҳаракатланишларида етарли даражада шарт-шароитлар яратилмоқда. Жорий йил бошидан республикамиздаги барча халқаро аэропортларда аҳолига янада қулайликлар яратиш, божхона расмиятчилигини осонлаштириш мақсадида “яшил йўлак” тизими ишга туширилди.
Бундан ташқари, қўшни давлатлар алоқаларини янада ривожлантириш, қардош ҳалқлар ўртасида қариндош-уруғчилик, борди-келди алоқаларини яхшилаш мақсадида бир қанча чегара постлари очилиб, чегара ва божхона расмиятчилиги соддалаштирилмоқда. Бироқ, бундай қулайликлардан ўз манфати йўлида фойдаланишга ҳаракат қилувчи кимсалар ҳам бугунги кунда учраб турибди. Шундай шахслар томонидан давлатимиз ва халқимиз манфаатларига зиён етказувчи ҳаракатлар содир этилишига йўл қўймаслик мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг сергаклиги янада оширилган.
Яқинда Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотлар асосида рангли металл парчаларини мамлакатимиздан ноқонуний олиб чиқиб кетилишига қарши тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида фуқаро А.Зияев (исм шарифи ўзгартирилган) бошқарувидаги “Нексия” русумли енгил автотранспорт воситаси Қозоғистон Республикасига чиқиб кетиш учун “Оқ олтин” божхона пунктига кириб келган вақтда автомашинанинг салони ва юкхонаси холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада,автомашинада олдиндан махсус тайёрланган “хуфёна” жойларда, яъни юкхонанинг икки ён қопламаси ва ён қаноти оралиғида, орқа ва олд бамперларининг ички қисмида,“Метан” газ балони ичида, орқа ўриндиқнинг ости ва орқа қисмида, олд ўриндиқнинг оёқ остига тўшалган тўшамаси остида жами оғирлиги 414 кг. “мис” рангли металл парчалари борлиги аниқланиб,ашёвий далил сифатида олинди.
Эндиликда нафсининг қулига айланиб, қинғир пул топишни режалаштирган бу “уддабурон” қонун олдида жавоб беради.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
С.Алимов
Сирдарё вилоят божхона бошқармаси
22.02.2018