Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу тамойиллар мужассам. 9 май “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг бир гуруҳ ходимлари хизмат вақтида ҳалок бўлган божхоначилар Тўхтамиш Холлиев ва Ботир Давлатовларни хотирлаб, марҳум касбдошларининг яқинларидан хабар олдилар.
Дарҳақиқат, божхоначилик касби машаққатли, ва шу билан бирга шарафли касбдир. Божхоначи бўлиш кишидан метиндек сабр-матонат, вазиятни тўғри баҳолай олиш ва мустақил қарор чиқариш, жонкуярлик, фидойилик каби фазилатларни талаб этади. Улар дастлаб Ватанимизнинг иқтисодий сарҳадларини ҳимоя қилишда ўз жонинида аямаган, Сурхондарёнинг Шеробод тумани Пошхурт қишлоғида туғилиб вояга етган Ботир Давлатовдир.
Унинг ҳаёт йўлини эсга олган волидаи муҳтарамаси Ҳайитой ая Қурбонова ўғли Ботирнинг орзуси Ўзбекистон Республикасининг буюк келажагини кўриш ва юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш ишига ўз ҳиссасини қўшиш ниятида бўлганлигини айтади.
Ҳозирги кунда унинг Сабогул исмли қизи отаси каби божхона соҳасини танлаб, Божхона институтида таҳсил олмоқда.
Кейин Жарқўрғон туманида яшовчи Холлиевлар хонадони томон йўл олинди. Тўхтамиш Холлиев 1981 йилда ўша даврда фаолият юритган “Какайди” божхона постининг кўрик ходими лавозимига ишга қабул қилинганлигини, 1999 йилнинг 27 апрель куни Тожикистон Республикасидан юртимизга кириб келаётган автоуловдаги жиноятчиларнинг тажовузи туфайли, оғир жароҳатлар оқибатида ҳалок бўлган.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ҳовлисида барпо этилган хотира ёдгорлиги қошида “Мардлик, бурч ва садоқат” шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.
Унда бошқарма раҳбарияти, шахсий таркиб, божхона фахрийлари иштирок этдилар. Тадбирда фахрий қоровул саф тортиб, марҳум божхоначилар Равшан Қодиров, Ботир Давлатов ва Тўхтамиш Холлиевларнинг хотираси пойига гулчамбар қўйиш маросими билан бошланди.
Шунингдек, воҳа сарҳадларида жойлашган ҳар бир божхона пост ходимлари хотира ёдгорлиги қаршисида саф тортишди.
Тадбирни вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Т.Б.Саидов кириш сўзи билан очар экан, мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш кунини кенг нишонлаш, иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашишга ҳисса қўшган, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, барча фахрийларга ҳурмат кўрсатиш мақсад қилинганлиги тўғрисида айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, ушбу тадбирнинг ташкил этилиши хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган касбдошларнинг ёрқин хотирасини абадийлаштириш билан бир қаторда инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, хайр-саховатли бўлишдек фазилатларга содиқлик, эканлиги алоҳида эътироф этилди.
Умрлар бўлади-ки, тиригида ўликдир. Умрлар бўлади-ки, ўлганда ҳам тирикдир. Ўз Ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли куч-ғайрати тугул, жонини ҳам аямайдиган, халқи ва Ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун борини фидо қилувчи инсонлар ҳеч қачон унутилмайди. Уларнинг порлоқ хотираси қалбларда мангу яшайди!
8.05.2019