Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қанча яшаш эмас, қандай яшаш муҳим!
1889
Мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланаётган Хотира ва Қадрлаш куни - умумхалқ байрами муносабати билан мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган, юртимиз осойишталиги ва иқтисодий хавфсизлик йўлида жон фидо қилган божхоначилар хотираси ҳам ёдга олинмоқда.
Қанча яшаш эмас, қандай яшаш муҳим!

Давлат божхона қўмитасидаги мўъжаз хиёбонда қаҳрамон божхоначилар хотирасига ёдгорлик тоши ўрнатилган.  Ҳар йили 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” арафасида қўмита шахсий таркиби, ёш божхоначилар ёдгорлик қошида саф тортиб, жанговар постда халок бўлганларни хотирлайдилар. 

Мустақилликнинг дастлабки йилларида қўшни давлатлардаги мураккаб вазият туфайли чегараларимизда божхона назорати кучайтирилди, гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғлар контрабандасига, божхона қонунбузилишларига қарши қақшатқич кураш олиб борилди. Ана шундай курашларда божхона хизматининг 11 нафар жасур зобитлари қаҳрамонларча ҳалок бўлди.

Улардан бири зангиоталик Саидакбар Наджимовдир. У 1992 йилда хизмат вазифасини адо этаётган пайтда жиноятчилар билан олишувда халок бўлган эди. Ҳамкасблари ҳамиша Саидакбар Нажимовни ёд этиб туришади. Барча ҳалок бўлган божхоначилар каби унинг оиласи ҳам мунтазам эътиборда. Қаҳрамоннинг хонадонига ташриф чоғида Саидакбар Нажимов ҳақидаги илиқ хотиралар яна гавдаланади.

Саидакбар Нажимовнинг фарзандлари ҳам ота изидан боришди. Айни пайтда унинг 1 нафар фарзанди божхона органларида самарали хизмат қилмоқда.

Бугун Саидакбар Нажимовнинг номини абадийлаштириш мақсадида Тошкент вилояти божхона бошқармасининг чегара-божхона постларидан бирига унинг номи берилган.

Нажимов номидаги божхона постига қаҳрамон божхоначининг муҳташам бюсти ўрнатилган. Унга тикилиб туриб, кўксига ўқ қадалган бўлса-да, Нажимовнинг нигоҳидаги сўнмас қатъият ва ишонч бу ерда хизмат олиб бораётган ҳар бир божхона ходимини руҳлантиради, маънавий қувват беради. Ёдгорлик пойи эса алвон гулдасталардан аримайди.

Пост ходимлари байрам муносабати билан юртдошларимиз кўксига “Шараф ленталари”ни айни шу ёдгорлик пойида қадаб қўйишгани ҳам бежиз эмас.

Бир сўз билан айтганда 9 май санаси ҳар биримизни тинчлик ва осуда ҳаётнинг қадрига етишга, Ватанга садоқат ҳисси билан яшашга, шунингдек, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишга, тарихий хотирага садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

6.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг