“Истанбул-Самарқанд” йўналишидаги 276-сонли авиарейс билан учиб келган йўловчилар Х.М. ва З.Д.лар “Самарқанд” халқаро аэропортида “яшил” йўлакни танлаган ҳолда кумушдан ясалган заргарлик буюмларини фольга қозозга ўраб, божхона ходимларидан яшириб қўл сумкаси ичида осонгина олиб ўтмоқчи бўлишди.
Бироқ орзулар армонга айланиб, уддабуронларнинг ўйлаган ниятлари амалга ошмай қолди. Қўл сумканинг рентген аппаратидаги тасвири божхоначиларнинг эътиборини тортди
Фуқаро Х.М.га тегишли қўл сумкаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда сумка ичида қиймати қарийб 12 миллион сўмлик жами оғирлиги 300 граммга яқин кумуш металлдан ясалган заргарлик буюмлари (23 дона узук, 15 жуфт сирға, 15 дона кулон, 19 дона занжир ва 1 дона браслет) борлиги аниқланди.
Шунга ўхшаш яна бир ҳолатда фуқаро З.Д.га тегишли сумкада ҳам қиймати тахминан 10 122 800 сўмлик жами оғирлиги 253,07 грамм бўлган кумуш металлдан ясалган заргарлик буюмлари (23 дона узук, 16 жуфт сирға, 15 дона кулон, 18 дона занжир ва 1 дона браслет) яширилганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга мувофиқ жисмоний шахслар томонидан вазни 65 граммгача бўлган қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини божсиз олиб киришга рухсат этилган.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Самарқанд вилояти божхоначилари томонидан 1,5 кг.дан зиёд тилла ва кумушдан ясалган буюмлар ноқонуний олиб кирилишида тўхтатиб қолинди.
Самарқанд вилояти божхона
бошқармаси ахборот хизмати
24.07.2018