Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Аждодларим – фахрим!
1685
9-май “Хотира ва қадрлаш” куни муносабати билан Сурхондарё вилоятини Тожикистоннинг Хатлон вилояти билан боғлаб турган “Гулбаҳор” божхона масканидан ҳаракатланаётган йўловчиларга “Шараф” ленталарининг тарқатилиши баҳонасида ёши улуғ отахон-у-онахонлар билан “Аждодларим - фахрим” мавзусида суҳбатлар ташкил этилди.
Аждодларим – фахрим!

Ўзбекистондаги набираларини йўқлаб, Тожикистоннинг Қабадиён туманига қайтаётган Азим бобо Тоштемиров 75 ёшда. У ўзининг болалик даврини ёдга олар экан, ҳаётининг беғубор даври 2-жаҳон уруши тугаганининг илк йилларига тўғри келишини айтиб, жанг майдонларидан қайтмаган 20 ёшли тоғасини кўзига ёш олиб хотирлади. Уруш тугаб, ажал комидан кимдир оёқсиз, кимдир қўлсиз ҳолда ногирон бўлиб қайтиб келган қишлоқдошлари маҳалла гузарларида йиғилишар экан, уларнинг сўзлаб берган воқеаларини бор вужуди билан тинглаб катта бўлган Азим бобо дунёда тинчликдан бебаҳо неъмат йўқлигини қайта-қайта таъкидлади.        

Кейинги суҳбатдош Ҳамида хола Маллаева падари бузруквори Имомқул Маллаев ҳақида гапирар экан, унинг 2-жаҳон урушидан бош қисмидан яраланиб, ўнг қўлининг 4 бармоғидан айрилганини ачиниб эсладилар.

Отаси Ҳамида холани “Ғалаба қизим” деб чақиришини кўзи тўла ёш билан сўзлаб берди. Сабаби Ҳамида  хола “фашизм устидан қозонилган ғалаба”дан 1 йил ўтиб, 1946 йилда дунёга келган экан.                                        

– Раҳматли онамнинг бизга айтиб беришларига қараганда, 1941 йилда отамни урушга чақиртиришган вақти оиламизнинг катта фарзанди опам ҳали бешикдаги гўдак бўлган экан, – дейди у. Ўз сўзида давом этган Ҳамида хола Туркманистонда улғайиб,  Тожикистон олийгоҳларининг бирида таҳсил олгани, 1968 йилда эса Шаҳритуз туманига келин бўлганини ва ўша йили падари бузруквори оламдан ўтганлигини айтиб, отасининг хотираси ҳурматига унинг фамилиясида қолганлигини фахрланиб айтдилар.

Қашқадарёлик Ўралов Ҳасан ва Ҳусан боболар Тожикистонлик қариндошларини 30 йилдан буён биринчи марта йўқлаб келишаётганликларини таъкидладилар. Деҳқонободга қараб йўл олган бу 2 отахон 73 ёшни қаршилаган бўлсалар-да, болалик даврларини кечагидек эслашларини айтдилар.      

–  Қишлоғимизнинг 70 нафар атрофида эркаклари урушга кетиб, 34 нафари қайтиб келган, холос. Уларнинг орасида отамиз Ўрал бобо Одиров ҳам 1939 йилда Россияга ҳарбий хизматга чақиртирилиб, уруш бошлангани учун 1946 йилга қадар ўша ерда қолиб кетганлар. Шу орада елкаси ва оёғидан яраланиб, уйга, таътилга қайтиб келдилар, лекин ҳеч қанча вақт ўтмай, отамни яна уруш фронтига чақиртиришди. Отамни-ку, 1946 йилда кўриш насиб этди, аммо отамнинг укаси Абдуғаффор Одиров душманнинг ўқидан ҳалок бўлиб, ортга қайтмадилар, – дея эслашди ака-ука Ўраловлар.        

Бу инсонларни кузатар экансиз, уларнинг тақдир йўллари турли-туман, аммо дилидаги яралари, йўқотишлари нақадар ўхшашлигини ҳис қиласиз! Қалбларида шукроналик билан, фарзандлари боши узра ҳамиша тинчлик қуёши чарақлаши йўлида доимо дуода бўлган ушбу фахрийлар божхона ходимларининг кичиккина бир эътиборидан мамнун бўлишганини уларнинг хурсандчилик тўла юз-кўзларидан англаш қийин бўлмади. 

 

                                                                                Гавҳар Махмудхонова,

                                                                        божхона хизмати капитани

6.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг