Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экстремизм ва терроризмга қарши кураш – замон талаби
2911
Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида “Экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг маънавий-маърифий асослари” мавзусидаги кенгайтирилган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Экстремизм ва терроризмга қарши кураш – замон талаби

Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита,  Республика Маънавият ва маърифат маркази,  Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси, Давлат хавфсизлик хизмати институти, Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Республикаси Миллий  гвардияси  Ҳарбий-техник институти, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти шунингдек, Давлат божхона қўмитасининг соҳавий бошқармалари ва мазкур институтнинг профессор-ўқитувчилари ҳамда курсантлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатини Давлат божхона қўмитаси Раисининг ўринбосари Б.Рахимов ўзининг кириш сўзи билан очиб берди. Тадбирда, Экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг маънавий-маърифий асослари иштирокчи маърузачилар томонидан атрофлича ёритиб берилди.

Маълумки, экстремизм ва терроризм энг хатарли ҳамда оқибати энг хунук жиноят хисобланиб, бутун дунёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликка хавф солувчи таҳдиддир. Бу мудҳиш қилмишлар ёвуз ниятли кимсалар томонидан дунёнинг хоҳлаган минтақаси, мамлакати, ҳудудида туриб, турли шакл ва усулларда амалга оширилиши мумкин.

Айни пайтда дунёнинг турли минтақаларида халқаро терроризм ва экстремизмнинг янги таҳдидларига қарши курашиш борасида тарғибот ва амалий фаолиятнинг кучайтирилаётганлиги ҳамда унга  қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки кенг жамоатчиликнинг биринчи даражали вазифаси сифатида тан олинган.

Бу борада мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек: “Ўзбекистон терроризм, экстремизм ва радикализм мафкурасига қарши кураш борасида ҳамиша принципиал позицияга эга бўлиб келган. Бундай хавф-хатарларга қарши фақат куч ишлатиш усуллари билан эмас, балки биринчи навбатда, айниқса ёшлар ўртасида, зўравонликни келтириб чиқарадиган жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш лозим”

Мазкур соҳадаги амалий саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш мақсадида, илғор хорижий тажриба асосида 2018 йил 30 июлда Ўзбекистон Республикасининг “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Қонунда экстремизм тушунчасининг мазмун-моҳияти, унга қарши курашишнинг чоралари ва тамойиллари, ҳамда бу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари чуқур тахлил асосида мустаҳкамланган.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан экстремизм ва терроризмга қарши курашда ёшларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтиришга қаратилган маънавий-маърифий тарбия муаммолари, глобаллашув шароитида таълим-тарбия тизими орқали ёшларнинг  қатъий фуқаролик позициясини, уларнинг онгида зўравонлик ва ёт ғояларга муросасизликни шакллантириш, экстремизм ва терроризм умумий профилактикаси, экстремизм ва терроризмга қарши курашишда Ўзбекистон ёндашувларининг халқаро-сиёсий аҳамияти ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир давомида турли бузғунчи кучларга қарши кураш миллий божхона хизмати олдига ҳам жиддий вазифалар қўяётганлиги ва қўшимча масъулият юклаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Хусусан, ҳозирги кунда божхона ходимлари томонидан контрабанда ва божхона қоидалари бузилишига ҳамда божхона чегаралари орқали товарларни ноқонуний олиб ўтилишига қарши курашиш борасида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилиб, Ватанимиз сарҳадлари орқали республикамиз ҳудудига қурол-яроғ, экстремистик адабиётларни ноқонуний олиб кирилишини олди олинмоқда.

Давра суҳбати қизғин руҳда ўтди, иштирокчилар ушбу масалалар бўйича ўзларининг тўплаган билим ва бой тажрибаларини ўртоқлашдилар, қизиқарли фикр-мулоҳазалари ва таклиф-тавсияларини баён этдилар.

4.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг