Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Афғонистон ва Покистонга тариқ махсулоти экспорт қилинмоқда
1660
Тариқ маҳсулоти иккинчи экин сифатида Сурхондарё деҳқонлари томонидан кўп миқдорда экилади. Бунинг асосий сабаби тариқ бошқа дон экинликларига қараганда юқори ҳароратга, қурғоқчиликка чидамли ҳамда сувга унчалик талабчан эмаслигидир. Сурхон воҳаси деҳқонлари асосий экинларини йиғиштириб олганларидан сўнг, тариқ маҳсулотни экишмоқда. Натижада, ердан йилига икки марта фойдаланиб, юқори ҳосил олинаяпти, бу эса деҳқонларнинг даромадига даромад қўшади.
Афғонистон ва Покистонга тариқ махсулоти экспорт қилинмоқда

Мазкур маҳсулотни ташқи бозорларга чиқариш ҳамда мамлакатимизда экспорт қилинаётган товарлар ҳилма-хиллигини янада ошириш учун бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 апрелдаги 304-ф-сонли фармойиши қабул қилинди.

Ушбу фармойишга асосан ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда экспорт ҳажмларини кенгайтириш мақсадида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан етиштирилаётган тариқ махсулотини (ТИФТН коди 1008210000, 1008290000) экспорт қилувчи ташкилотлар томонидан  2019-2020 йилларда экспорт қилишга рухсат этилди.

Амалга оширилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, жорий йилнинг апрель ойида воҳа экспортёрлари томонидан ҳар тоннасига 1000  АҚШ долларидан қиймати 124,6 минг АҚШ долларига тенг бўлган 124,6 тонна тариқ маҳсулоти Афғонистон ва Покистон Ислом Республикаларига экспорт қилинди. Сурхондарё вилояти божхона бошқармасида экспортга юборилаётган тариқ маҳсулотларни “Термиз”, “Жарқўрғон” ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида тез фурсатларда расмийлаштириш тизими яратилган. Экспортёрлар томонидан ҳозирда яна 1000 тоннадан ортиқ тариқ маҳсулотлари экспорт қилиниши режалаштирилмоқда.

3.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг