Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили дунёда тахминан 2 миллион одам меҳнат фаолияти давомида вафот этади. 160 миллиондан ортиқ инсон меҳнат фаолияти билан боғлиқ касалликлардан азият чекади. Бундан ташқари ишлаб чиқариш жараёнида ҳар йили 270 миллиондан ортиқ бахтсиз ҳодисалар рўй беради.
Албатта бу рақамларга бежизга тўхталмадик. Сабаби, ходимлар меҳнатидан фойдаланиш билан бир қаторда улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш жуда муҳим.
“Бутунжахон Меҳнатни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан Навоий вилоят касаба уюшмаси томонидан “Хавфсизлик, саломатлик, келажакдаги меҳнат” шиори остида давра суҳбати ташкил этилди. Унда вилоятдаги барча корхона ва ташкилотларнинг касаба уюшмаси раислари, меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Давра суҳбати давомида фуқаролар учун муносиб меҳнат шароитларини яхшилаш борасида масъул ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган ишлар, соҳани янада ривожлантириш йўлидаги таклифлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар таҳлил қилинди.
Тадбир давомида “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик танлови”нинг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу танловда вилоят божхона бошқармаси ҳам муносиб иштирок этиб, “Энг яхши касаба уюшма қўмитаси” номинациясида фахрли 1-ўринни эгаллади.
Энди ғолиблар жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтадиган танловнинг республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.
3.05.2019