Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Invest in Navoi” II халқаро бизнес форум тафсилотлари
1713
Навоий вилоятида бўлиб ўтган “Invest in Navoi” II халқаро бизнес форумида дунёнинг 30 га яқин мамлакатидан 250 нафардан ортиқ инвесторлар, бизнесменлар, бир қатор мамлакатларнинг юртимиздаги элчилари, дипломатик корпус вакиллари, шунингдек вилоят ҳокимлиги, божхона бошқармаси ва бошқа тегишли ташкилот вакиллари иштирок этишди.
“Invest in Navoi” II халқаро бизнес форум тафсилотлари

Форумнинг дастлабки кунида меҳмонлар “Навоий” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, вилоятнинг йирик корхоналаридан ҳисобланган “Навбаҳор текстиль” МЧЖ, “Бахт Навоий” МЧЖ, “HPC Systems”МЧЖ, “Green Line Profile” МЧЖ ҚКга ташриф уюштириш билан бир қаторда хорижликларга Навоийнинг диққатга сазовор, тарихий жойлари намойиш этилди.

Бизнес форумнинг асосий жараёнлари эртаси куни бўлди дейиш мумкин. Аниқроғи, Навоий шаҳридаги “Ёшлар Маркази”да инвестицион форумнинг расмий очилиш маросими ўтказилди. Шундан сўнг, иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда вилоятнинг инвестиция, экспорт, логистика салоҳияти билан яқиндан танишдилар.

Куннинг иккинчи ярмида эса “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ҳар бир шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан қишлоқ хўжалиги, саноат ҳамда туризм йўналишларида хорижий инвесторлар билан “B2B” (business to business) шаклида учрашувлар, ҳамда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти бўйича тақдимотлар ўтказилди. Қолаверса, вилоятнинг ҳар бир ҳудудида ташкил этилган саноат маҳсулотлари ҳамда етиштирилган мева-сабзавотлар кўргазмаси диққатга сазоворлиги билан аҳамиятли бўлди.

Бизнес форум билан боғлиқ ташкилий тадбирлар ва бевосита инвесторлар билан учрашувларда вилоят божхона бошқармаси масъул ходимлари ҳам фаол иштирок этишди. Хусусан, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция иштирокида амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида олиб келинадиган товарларга божхона тўловларидан имтиёз ва преференциялар қўллаш тартиб-таомиллари хорижий инвесторларга батафсил тушунтирилди. Бундан ташқари, “Cargo” мультимодал юк ташиш маркази имкониятлари тўғрисида ҳам форум иштирокчиларига муҳим маълумотлар берилди.

Нафақат Навоий вилоятининг балки бутун Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигини дунёга тараннум этувчи ушбу форум якунида бир қатор инвестицион шартномалар имзоланди.

 

3.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг