Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлганлар – доимо эътиборда
1920
9 май – Хотира ва қадрлаш куни. Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага бу йил 74 йил тўлади.
Хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлганлар – доимо эътиборда

Ушбу сана арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Юртимизнинг барча жойларида бўлгани сингари Самарқанд вилоятида ҳам Хотира ва қадрлаш кунини юқори савияда нишонлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Қарорда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини абадийлаштириш ҳамда уларнинг кўрсатган жасорати ва мардлигини ёш авлодга етказиш, хотира тадбирларини ташкил этиш белгиланган.

Шу мақсадда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салихов бошчилигида бир гуруҳ божхоначилар ва фахрийлар Тайлоқ туманидаги 8-умумтаълим мактабига ташриф буюришиб, марҳум божхона хизмати кичик сержанти Қодиров Равшаннинг хотира тадбирида иштирок этишди.

Шунингдек, тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Ж.Ҳақбердиев, туман Маънавият ва маърифат маркази раҳбари З.Авазов, туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Д.Сиддиқназаров, туман “Қўшчинор” газетаси бош муҳарри М.Йўлдошовалар иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салихов, Равшан Қодировнинг босиб ўтган ҳаёт йўли, ҳарбий хизматда ҳамда божхона органларида хизмат вазифасини ўташ давомида кўрсатган жасорати тўғрисида тўхталиб ўтди.

Равшан Қодировнинг 1994 йилнинг 3 февраль куни «Гулбаҳор» божхона пости ходимлари таркибида Сурхондарё вилоятининг чегара ҳудудларида хизматни ўтаётган вақтида қуролланган жиноятчилар тўдасига дуч келиб, мардларча ҳалок бўлгани ёдга олинди.

Ватан ва қасамёдга садоқат каби муқаддас инсоний туйғулар борки, улар Равшан Қодиров каби мард ўғлонларни ҳеч иккиланмай жасорат кўрсатишига ундайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йил 30 августдаги Фармонига асосан ҳарбий бурчини бажариш, республикада миллий хавфсизликни таъминлаш ва жамоат тартибини муҳофаза қилиш чоғида жасурлик ва матонат кўрсатганлиги учун Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси кичик инспектори Қодиров Равшан Пўлатович «Жасорат» медали билан ҳамда 2016 йил 28 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланган.

Тадбир якунида мактаб ўқувчилари ўртасида марҳум божхона хизмати кичик сержанти Қодиров Равшан хотирасига бағишлаб ўтказилган спорт мусобақаси ғолибларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салихов томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида мактаб кутубхонасига китоблар совға қилинди. 

 

3.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг