Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши кураш оиладаги тарбиядан бошланади
2181
Инсон яралибдики, доимо ўз олдига қандайдир марраларни, мақсадларни қўйиб яшайди. Унинг ҳаёти мазмунини ҳам ана шу орзулар йўлида собит қадам ташлаш асносида мақсадга эришиш ташкил этади.

Лекин шундай бир иллат борки, одамзоднинг мисқоллаб йиққан обрўйини, ота-онаси берган тарбияни саноқли лаҳзалар ичида ер билан тенг қилади, нафс қурбонига айлантиради. Бу ҳам бўлса, порахўрлик балосидир. Хўш “Биз коррупцияга қарши курашни қаерда ва қачондан бошлашимиз керак?” дея ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Бу саволга “Коррупцияга қарши курашни, оилада, бола дунёга келган пайтдан бошлаш керак” , -  дея жавоб берган маъқул назаримизда. Азиз ота-оналар, бола тарбиясига масъул шахслар, сиз болангизни эртага пора олиб, эл ичида сизни ва ўзини юзи қора қилишини истамайсизми? Унда сира иккиланмасдан болангизга унинг гўдаклик чоғидан коппупциянинг барча кўринишларидан йироқ ҳолда тарбия беринг. Ҳеч қачон фарзандингизга, “Агар, менга “дада” десанг сенга шоколад олиб бераман, агар менга телевизорни пултини олиб келсанг, сени машинада айлантириб келаман” қабилидаги гап-сўзларни қилманг. Сизнинг бу ҳаракатингиз дунё ҳақидаги тасаввурлари эндигина шакллана бошлаган болангизда, қандайдир мукофот эвазига ўзгаларга ёрдам қилиш, тамагирлик каби “хислат” ларнинг “камол топиши” га олиб келади.

Бугун жамиятимизда айнан коррупцияга қарши курашишга катта эътибор қаратилган. Бу албатта ўз самарасини беряпти. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам буни таъкидлаб ўтди. Зеро, бу эришилган натижаларнинг замирида порахўрликка қарши олиб борилаётган одилона сиёсат етади. Аммо минг афсуски, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ўз манфаатларини давлат манфаатларидан устун қўйиш каби ҳолатлар ҳали ҳамон учраб турибди. Кунда, кун ора оммавий ахборот воситалари орқали қайсидир ваколатли шахснинг пора олиш жинояти билан қўлга олинганлиги ҳақида ахборотлар кенг жамоатчиликка етказиб бориляпти. Бу эса, биз бу йўналишда ҳали жуда кўп ишларни амалга оширишимиз, бир лаҳзага бўлса ҳам коррупцияни қоралашдан тўхтамаслигимиз зарур эканлигидан далолат беради. Худди шуларни инобатга олган ҳолда Бухоро вилояти божхона бошқармасида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, тадбиркорлик субъектлари иштирокида доимий учрашувлар, очиқ мулоқот ва давра суҳбатлари ташкил этиб келинади. Маънавият ва хизмат дарслари давомида ходимларга мавзу борасида кенг тушунтиришлар берилади. Бошқарманинг эса, ишонч телефонлари тун-у кун фуқаролар хизматида. Олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари самараси ўлароқ, 2016 йилдан бошлаб жорий йилнинг шу кунигача бўлган вақт оралиғида ходимлар орасида коррупция, порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби қонун бузилиш ҳолатлари содир этилмади.

Лекин бу натижалар билан чекланиб қолиш, коррупцияни батамом йўқ қилишга эришдик дейиш асло мумкин эмас. Унга қарши олиб борилаётган кураш самарасида биз ватанпарвар ва ўз касбига содиқ, бажарадиган ҳар бир амалида миллат манфаатларини кўзлайдиган ёшларни тарбиялабгина мақсадга эришишимиз мумкин.

 

Дурдона Қаюмова

Бухоро вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати

 

21.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг