Бунга мисол сифатида буюк ўзбек адиби Ўткир Ҳошимовинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”идан қуйидаги парчани келтирамиз:
“Йигирманчи асрда сил, безгак, чечак каби бедаво дардларга шифо топилди ва миллионлаб инсонлар ҳаёти сақлаб қолинди. Йигирманчи асрда “спид” деган бедаво дард пайдо бўлди ва миллионлаб инсонлар ҳаёти хавф остида қолди.
Йигирманчи асрда «учар гиламлар», «ойинаи жаҳонлар», компьютерлар кашф этилди ва миллионлаб инсонлар уларнинг хизматидан баҳраманд бўлди. Йигирманчи асрда икки дафъа жаҳон уруши рўй берди ва миллионлаб инсонларнинг ёстиғи қуриди.
Йигирманчи асрда самовий кемалар яратилди ва инсон қадами Ойга етди. Йигирманчи асрда миллионлаб инсонларни қириб ташловчи ядро қуроли ўйлаб топилди ва синовдан «муваффақият билан» ўтди…”
Бироқ, шундай офатлар борки улар қадимдан мавжуд. Бу каби иллатлардан бири шубҳасиз коррупциядир. Айниқса, ХХI асрга келиб унинг миқёси янада кенгайди. Коррупция туфайли ҳар йили дунё иқтисодиёти 1 триллион АҚШ доллардан ортиқ маблағ йўқотади. Аммо, бу фақат моддий зарар. Коррупциянинг маънавий зарари эса унданда хавфли.
Навоий вилояти божхона бошқармасида бўлиб ўтган навбатдаги маънавият машғулотида ҳам айни шу масалаларга тўхталиб ўтилди. Унда вилоят Адлия бошқармасининг масъул ходими Жонибек Шуҳратов сўзга чиқиб, коррупция, унинг объекти, субъекти, турлари ҳақида, шунингдек бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик базаси ҳақида шахсий таркибга маълумот бериб ўтди.
Хусусан, БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги конвенцияси ва “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритилди.
Шу билан бирга, мазкур қонунлар амалиётда ўз ифодасини топиши кўп жиҳатдан жамиятнинг ҳуқуқий саводхонлигига боғлиқ эканлигига алоҳида тўхталиб ўтилди. Чунки, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти шаклланган жамиятгина коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб бора олади. Бунда, давлат хизматчиларига, айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакилларига алоҳида масъулият юкланади. Чунки уларнинг ўзлари коррупциянинг ҳар қандай элементига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш орқали жамиятнинг қолган аъзоларига ўрнак бўлишлари, бундан ташқари аҳоли ўртасида коррупциянинг салбий оқибатларини кенг тарғиб қилишлари лозим бўлади.
Мухтасар қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашда барчамиз бирдай масъулмиз.
30.04.2019