Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жиззахда навбатдаги тезкор тадбир: рангли металларнинг ноқонуний сақлови ва айланувига чек қўйилди
2158
Саноатда муҳим аҳамият касб этувчи қора ва рангли металл парчалари, чиқиндилари вақт ўтса-да ўз қийматини йўқотмайди, шу боис ҳам ушбу йўналиш бўйича мутасадди давлат идоралари томонидан алоҳида назорат олиб борилади.

Шу ўринда, рангли ва қора металлар парчалари, чиқиндилари билан ишлаш тартибини такомиллаштириш, республика иқтисодиёти соҳаларининг хўжалик фаолияти жараёнида ва аҳолининг ҳаёт фаолияти давомида ҳосил бўлувчи рангли ва қора метал парчалари, чиқиндиларининг иккиламчи ресурсларидан кейинчалик юқори қўшилган қиймат билан маҳсулот ишлаб чиқариш учун чуқур қайта ишлаш жараёнига жалб қилиш йўли билан улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг “Рангли ва қора металлар парчалари, чиқиндилари билан ишлаш тартибини такомиллаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 6 июнда 425-сон қарорининг қабул қилинганлиги ҳам фикримизнинг яққол далилидир.

Божхона органлари томонидан рангли металл парчалари ва чиқиндиларини ноқонуний равишда тўплаш, қайта сотиш ҳамда республикамиздан ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилиши ва айланмасининг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирларни мунтазам равишда белгиланиши натижасида айрим фуқароларимиз томонидан мазкур турдаги ашёлар билан ноқонуний ҳаракатларни амалга ошириш ҳолатлари аниқланмоқда.

Жумладан, Жиззах вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор ходимлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар давомида ана шундай уринишлардан бир нечтасига чек қўйилди.

Хусусан, 2018 йилнинг 19 июль куни Жиззах вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва БҚБга қарши курашиш бўлими ходимлари, вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда вилоят ҳудудида ноқонуний рангли металл қабул қилиш шаҳобчаларини аниқлаш мақсадида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида, Жиззах шаҳри “Бунёдкор” маҳалласида яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси А.Ё.нинг хонадони ва ёрдамчи хўжаликлари тадбир иштирокчилари томонидан кўздан кечирилганда, ушбу фуқаро томонидан ўз хонадонидан “Яма” сифатида фойдаланиб, ҳеч қандай ҳужжатларсиз умумий қиймати 1 млн. 588 минг сўмлик, жами 532 кг (1 млн. 239 минг сўмлик 327 кг “Алюминий”, 184 минг сўмлик 92 кг “Свинец”, 164 минг сўмлик 113 кг “Цинк”) рангли металл парчаларини сақлаб келаётганлиги аниқланди.

Шунингдек, жорий йилнинг 20 июль куни юқоридаги каби ўтказилган тадбир давомида Жиззах вилояти Жиззах шаҳри худудида “Жиззах-Самарқанд” йўналишида ҳаракатланаётган ҳайдовчи А.Д. бошқарувидаги “Газел” русумли, давлат белгиси 25V ХХХ DA бўлган автоулов тўхтатилган ва Жиззах вилояти божхона бошқармасига олиб келиниб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда автоулов юкхонасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси П.Ф.га тегишли умумий қиймати 4 млн. 638 минг сўмлик, жами оғирлиги 1 111 кг (655 кг алюминий, 153 кг латун, 11 кг мис, 292 кг бошқа мис парчалари) бўлган рангли металл парчалари мавжудлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

21.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг